Президент томонидан “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.
2022 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали қуйидагиларга:
фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун кредитлар ажратилади. Кредит муддати ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой;
мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун “револьвер” кредит ажратилади. Кредит муддати йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ой. Бунда, ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.
2022 йил 1 мартдан бошлаб:
- мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас;
- мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) – хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг доллар эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.
Преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбирлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, уларни харид қилувчи ташкилот ҳамда тижорат банки ўртасида тузилган шартномаларга эга бўлган, шунингдек, уларни Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади. Шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун 2022 йил 1 февралга қадар техник имкониятлар яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида жалб этилган 65 млн доллар миқдоридаги маблағлари ҳисобидан кичик агрологистика марказлари барпо этилади.
















