Мурожаатлар ортидан Андижон вилоятининг Шаҳрихон ва Балиқчи туманларидаги Баркамол авлод ва Чанавоз маҳаллаларида бўлдик.

Қишнинг совуқ ойларида сифатсиз, паст кучланишли электрдан фойдаланишга мажбур аҳоли электр тармоқлари мутасаддиларининг “Дастурга туширдик, қишгача трансформатор ва симёғочлар ўрнатилади” деган пуч ваъдаларига ишонишгани ҳақида куюниб гапиришди.

“Кучланиш 90 волтга ҳам етмайди”

Мурожаат ортидан борган жойимиз – Балиқчи тумани Кўлбўйи қишлоғи Чанавоз маҳалласи кўчаларидаги қўлбола симёғочлар ўтган асрда ўрнатилган экан. Кўчаларни айландик. Линия нобоплигидан электр симлари пасайиб кетган. Аҳоли вакиллари сифатсиз электр таъминоти орқасидан пайдо бўлаётган муаммолар ҳақида куюниб гапиришди.

“Бу симёғоч ва симларни 31 йил олдин ўз маблағимизга сотиб олиб ўрнатган эдик. Йиллар давомида аянчли ҳолга келиб қолди. Қўлларимизни кўтарсак, салкам симга тегади. Мактабга, боғчага қатнайдиган болаларимиздан хавотирда яшаяпмиз. Каттароқ юк машиналари кўчаларимизга кирмайди. Чунки симлар жуда паст ҳолатда турибди. Узиб кетиши мумкин”, – дейди Абдуғаффор Қорабоев.

 

Маҳалла аҳли кечқурунлари электр кучланиши ўта пасайиб кетиши оқибатида маиший техника жиҳозлари, ҳатто телевизор ҳам ишламаётгани ҳақида шикоят қилишди.

“Ток пастлигидан сув тортадиган мотор ишламайди. Телевизорлар қотиб қолади. Ўзим пайвандчи устаман. Пайванд аппарати, болгаркалар умуман ишламайди. 2019 йилдан буён туман, вилоят, Президент қабулхонасига мурожаат қиламиз. Охирги мурожаатимиздан кейин туман электр корхонаси бошлиғи муаммолар 2021 йил 4-чорагида узил-кесил бартараф этилишини айтиб, ўз имзоси билан жавоб хати берганди. Мана, тўртинчи чорак тугаяпти, ҳаракатдан дарак йўқ”, – дейди Муродилло Расулов.