Европа футболига яна коронавирус балоси кириб келди ва бир қатор ўйинлар номаълум муддатга қолдирилмоқда. Айниқса, Англияда бу кўпроқ сезилмоқда ва тур ўйинларининг қарийб ярми ўтказилмайди. Ҳатто футболни янги йилгача тўхтатиб туриш масаласи ўртада кўтарилмоқда ва бу ҳақда душанба куни клублар музокара ўтказадилар. Унгача эса маълум ўйинлар ўтказилади. Лекин майдонга тушадиган жамоалар ичида ҳам инфекция юқтирган футболчилар борлигини эътироф этиш керак. Испанияда эса «Реал»да вирус муаммоси чиқди, аммо регламентга кўра, агар жамоада камида 14 футболчи тайёр бўлса, учрашув қолдирилмайди.

Хуллас, Европа футболи кичик танаффусга чиқиш эҳтимолига яқинлашиб, ғаниматга айланиб қолиш арафасида. Шу туфайли, бу ҳафта имкон қадар кўпроқ учрашувларни томоша қилишга ҳаракат қилинг. Биз эса сизга танловда ёрдам берамиз. 

АТАЛАНТА – РОМА (18 декабрь, 19:00)

«Аталанта»нинг А Сериядаги мағлубиятсиз серияси 10 учрашувга етди ва бунинг натижасида бергамоликлар учинчи ўринга кўтарилиб, чемпионлик пойгасига қўшилди. «Аталанта»нинг кейинги турлардаги рақиблари «Женоа», «Торино» ва «Удинезе» бўлиб, жамоанинг юриши янги йилгача давом этиши мумкин ва бунинг учун «Рома» қаршилиги синдирилиши керак. Ғалаба «Аталанта»ни вақтинча бўлса-да, яъни «Милан»нинг ўйинигача турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олади.

Римликлар сўнгги турларни ишончсиз ўтказиб, ҳатто Моуриньонинг истеъфоси ҳақида гаплар чиқа бошлаган бўлса-да, катта рақибларга қарши барибир «Рома» муносиб ўйин кўрсата олади. Жамоа таркиби ҳам, мураббий салоҳияти ҳам «Аталанта» билан тенг курашиш учун етарли бўлиши керак. Мағлубият «Рома»ни ҳатто 9-ўринга тушириб юбориш эҳтимоли ҳам бор.

«Рома» натижаларидаги пасайишни шунингдек, Лоренцо Пеллегринининг жароҳати билан ҳам боғлаш мумкин. Дастлабки 13 турда у 5 гол ва 2 ассистни амалга ошириб, жамоада бу борада энг яхши кўрсаткич қайд этаётганди. Режа бўйича у шу кунларда сафга қайтиши керак эди, аммо катта эҳтимол билан ушбу учрашувга тайёр бўлмайди. Лоренцодан ташқари «Рома» таркибида шунингдек, Эл Шаарави ҳам майдонга туша олмайди. «Женоа»да 2 гол уриб, кашфиёт бўлган Феликс Афена-Гьян эса «Специя»га қарши ўйинда майдондан четлатилгани учун дисквалификацияга эга. Мезбонлар таркибида эса янги жароҳатлар йўқ.

Ўзаро учрашувларга кўра, икки томондан тенгликни кўришимиз мумкин. Охирги 21 ўйинда ҳар икки томонда еттидан ғалаба ва етти дуранг. Ўтган мавсумда Бергамода ўтган учрашувда 4:1 ҳисобида майдон эгалари устун келганди.

ЛИДС ЮНАЙТЕД – АРСЕНАЛ (18 декабрь, 22:30)

Мавсумнинг 17-тури ўтган вазиятда «Арсенал» кучли тўртликда. Бундай ҳолат охирги марта Арсен Венгер даврида рўй берганди. Артета ниҳоят жамоасини Чемпионлар Лигаси ўринларига кўтара олди ва бу таҳсинга сазовор. Бу «Арсенал»нинг ўзига хослиги шундаки, жамоа кучли рақибларга қарши ўйинларда жуда ишончсиз ҳаракат қиляпти ва имкониятсиз мағлубиятга учраяпти. Шу билан бирга ўртамиёна ва аутсайдерларга қарши ўйинларда жамоа деярли очко йўқотмаяпти. Мана шу «фазилат» «Арсенал»нинг ушбу кўтарилиши учун етарли бўлмоқда ва агар давом этса, жамоа бемалол мавсумни кучли тўртликда тугатиши мумкин.