АҚШнинг Кентукки штати энг кўп зарар кўрди, бироқ табиий офат Миссури, Арканзас, Иллинойс ва Теннесси штатларига ҳам таъсир кўрсатди.
Торнадо натижасида кўплаб бинолар вайрон бўлди, улардан деярли ҳеч нарса қолмади. Юзлаб одамлар ҳалок бўлган дея ҳисобланмоқда, яна шунча одам дом-дараксиз йўқолган. Бу борада аниқ маълумотлар ҳали ҳам йўқ. Бироқ Кентуккида 2 ойликдан 98 ёшгача бўлган 74 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. АҚШда торнадонинг юзага келиши сабаблари ва у қандай зарар келтирди: ана шу жиҳатларга ойдинлик киритамиз.

Торнадо нима?
Торнадо — мезо довуллар билан бир хил. Момақалдироқли булутда ҳосил бўлиб, аста-секин пастга тушадиган атмосфера гирдоби торнадо деб аталади. Уларнинг юзага келиш сабаблари ҳали ҳам аниқ эмас. Чунки ҳалокатли табиий офатни ўрганиш жуда мураккаб. Бироқ торнадо пайдо бўлиш сабабларининг тахминий тавсифи мавжуд.

Торнадолар қандай пайдо бўлади?
Торнадо совуқ ва илиқ ҳаво тўқнашуви натижасида юзага келади, дея ҳисобланади. Мактаб дастуридан кўпчиликка маълумки, илиқ ҳавонинг зичлиги совуқ ҳаво зичлигига қараганда камроқ. Шунинг учун ҳавонинг илиқ оқимлари тепага кўтарилади, совуқ оқим эса пастга тушади. Ана шу ҳодисалар натижасида ҳаво айлана бўйлаб ҳаракатлана бошлайди. Аммо олимлар бу нима учун содир бўлишини билишмайди.
Торнадонинг ўзига хослиги
Торнадо диаметри бир неча ўндан бир неча юзгача метрни ташкил этади. Торнадодаги ҳаво циклондагидек ҳаракатланади: Шимолий ярим шарда соат милларига қарши, Жанубий ярим шарда эса – соат миллари бўйлаб. Торнадолар бир неча дақиқадан бир неча соатгача мавжуд бўлиб, соатига қарийб 60 километргача тезликда ҳаракатланади. Энергия тугагач, торнадонинг пастки қисми уни юзага келтирган булут билан бирлашади.




















