ВВС мухбирлари Афғонистондаги наркотик савдоси қандай ҳолатда экани ҳақида репортаж тайёрлади.

Афғонистон жанубидаги қишлоқлардан бирида жойлашган бинода ичи оқ кристалл билан тўла ялтироқ пластик пакетлар тоғдай уюлиб ётибди. Бу «экспортбоп» сифатли метамфетамин. Бу наркотикни оддий қилиб «мет» деб аташади. Хонада турган 100 кг наркотикнинг бозор нархи 2,6 миллион доллар. Тез орада уни бутун дунё бўйлаб тарқатишади. То Австралиягача.

Афғон бозорларидан бирида кўкнор сотишмоқда/Фото: ВВС

Ҳовлига чиқсангиз, иккита тутаётган бочкани кўришингиз мумкин. Демак янги партия тайёрланмоқда. Бу қишлоқда наркотик тирикчиликнинг асосий манбаларидан бири. «Толибон» давлатни қўлга олгач, наркотик савдоси янада «гуллаб-яшнади». Аввал Афғонистонда асосан героин етиштириларди, ҳозир эса замонавий наркотиклар, хусусан, кристалл метамфетамин ишлаб чиқариш ҳам ривожланиб кетди. Бу психостимулятор бўлиб, истеъмол қилганлар унга осон ўрганиб қолади ва шу жиҳати билан хавфли.

Дунёнинг аксар мамлакатларида метамфетамин тақиқланган препарат сифатида қабул қилинган. АҚШда эса тиббиётда истисно тариқасида «дезоксин» номи билан ишлатилади. ВВС билан суҳбатда бўлган маҳаллий фуқаролардан бири исми сир қолиши шарти билан бу препаратни ишлаб чиқариш Афғонистонда қанчалик ривожланиб кетганини айтиб берди. Унга кўра, Афғонистоннинг жануби-ғарбида жойлашган биргина туманнинг ўзида метамфетамин ишлаб чиқарадиган 500 та лаборатория бор. Улар ҳар куни 3 тоннагача метамфетамин тайёрлайди.

Бу замонавий наркотик ишлаб чиқариш Афғонистонда урф бўлганига бошқа сабаб ҳам бор. Қисқача «мет» деб аталувчи наркотикнинг асоси эфедриндан иборат. Афғонистонда ўсадиган ва маҳаллий пуштунлар «оман» деб атайдиган эфедра ёввойи ўтида эфедрин борлиги аниқлангач, наркотикчи «ҳунармандлар» ёппасига метамфетамин ишлаб чиқаришга киришади.

Чўл ўртасидаги бозорда эфедрин ҳар қачонгидан кўра харидоргир маҳсулотга айланган. Толиблар бошида эфедрин сотувчиларга солиқ жорий қилганди. Кейинроқ уни териб олиш бутунлай тақиқланди. Аммо бу борадаги қарор ҳаммага етиб бормагани учун одамлар ҳамон замонавий «мет» наркотигини ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Толиблар чекловларининг ягона «натижаси» шу бўлдики, метамфетаминнинг улгуржи нархи икки бараварга қимматлаб кетди. Экспортчилар «толиблар бизни ишлагани қўймаяпти» деган иддао билан нархни кўтариб олган. Уларнинг захиралари эса ҳали анчагача етади.