— Туркий давлатлар ташкилотининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини қандай тавсифлаган бўлардингиз? “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши” нима сабабдан “Туркий давлатлар ташкилоти” деб номланди?

— Дарҳақиқат, бу ўринли савол. Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро ташкилот сифатида шаклланиш жараёнига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошланган ривожланиш босқичларини санаб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.

Биринчи босқич СССР парчаланганидан ва 1992 йилда Анқарада Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирокида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар раҳбарлари саммитидан кейиноқ бошланди. 

Мазкур учрашувлар самарали бўлгани боис президентлар бундай саммитларни ўтказиш амалиётини давом эттирди. 1994, 2001 ва 2010 йилларда Истанбул, 1995 йилда Бишкек, 1996 йилда Тошкент, 1998 йилда Остона, 2000 йилда Боку, 2006 йилда Анталияда учрашувлар бўлиб ўтган.

Иккинчи босқични ҳамкорлик механизмимизни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш деб аташ мумкин. 2009 йилда Нахичеванда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. Ундан кейинги йилларда биз соҳавий ҳамкорлигимизни институциялаштириш ва ТуркПА, Туркий Академия ва Туркий тиллар маданияти ва мероси жамғармаси каби аффилланган платформаларни яратишга муваффақ бўлдик. Ушбу босқич Ўзбекистон тўлақонли аъзо сифатида кириши ҳисобига тузилмамизнинг кенгайиши билан якунланди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган тарихий саммит билан туркий оиламиз учун ташкилотнинг муҳим бурилиш нуқтаси сифатида ёдда қоладиган учинчи босқич бошланди, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар изчиллик ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг янги даврига кирди.

Туркий давлатлар ташкилоти Истанбул саммити

Саммит давомида туркий давлатлар президентлари Туркий кенгаш номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу унинг реал салоҳиятини рўёбга чиқариш, аҳамиятини ошириш ва халқаро ҳамжамиятдаги ролини кучайтиришга хизмат қилади. Дарвоқе, номни ўзгартириш сабаби ҳақида. Юридик нуқтайи назардан, Туркий кенгаш ҳамиша халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб келган. Бу ўзгариш ташкилотнинг ҳуқуқий тусига таъсир қилмайди. Аммо сиёсий нуқтайи назардан, бу қадам туркий мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани ва бутунлай бошқача мазмун касб этганини билдиради.