Ўзбекистон | 15:50 / 21.12.2021
35688
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХБ устидан шикоят қилиб борган фуқаро қидирувдаги шахс бўлиб чиқди

Фуқаро Э.С. қоидабузарлик бўйича унга ёзилган жаримадан норозилиги сабабли ЙҲХБга бориб эътироз билдирган. Унинг ҳужжатлари текширилганда, Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбланиб, қидирувга берилгани маълум бўлган. Буни билган ходимлар уни қўлга олишган.

Фото: ИИББ ЙҲХБ

ЙҲХБга келган фуқаро муқаддам жиноят содир этганликда айбланаётгани ва ҳозирда қидирувда экани маълум бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 17 декабрь куни фуқаро Э.С. қоидабузарлиги бўйича жаримасига эътироз билдириб, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБга мурожаат қилган.

“Шу сабабли, унинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилганда, мазкур фуқаро Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми, 112-моддаси 1-қисми, 166-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилиб ўтилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувдалиги маълум бўлган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу фуқаро вилоят ИИББ ЙҲХБ ходимлари Ш.Шомирзаев ва А.Ҳамроқуловлар томонидан ушланиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

“Фуқаро Э.С. Чирчиқ шаҳар ИИБга топширилган”, дея якунланади ИИВ хабари.

Расмий ахборотда фуқаро қачон қидирувга берилганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, ЖКнинг 109-моддаси қасддан баданга енгил шикаст етказиш, 112-моддаси ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, 166-моддаси эса талончилик жинояти ҳақида.

Мавзуга оид