Университетда илмий даражага эга педагог ходимлар сони 171 нафар бўлиб, шундан 34 нафари фан доктори, профессор, 137 нафари фан номзоди ва фалсафа докторларидир. Илмий салоҳият кўрсаткичи 21,6 фоизни ташкил этади. Илмий даражага эга ходимларнинг ўртача ёши 2020 йилда 57 ёш бўлган бўлса, жорий йилда 54 ёшни ташкил қилди.

Жорий йилда илмий салоҳиятни ошириш борасида диссертация ҳимояларига катта эътибор қаратилди. Университетдаги ҳимоялар 2018 йилда 5 та, 2019 йилда 11 та, 2020 йилда 26 та бўлган бўлса, 2021 йилда 54 тани ташкил қилди. Яъни ўтган йилга нисбатан 2 баробар ошди. Илмий ишлар ҳимоясида университетда фаолият олиб бораётган илмий даражалар берувчи 4 та илмий кенгаш фаолият кўрсатяпти. 54 нафар диссертантлардан 25 нафари, яъни 46 фоизи университет ҳузуридаги илмий кенгашларда илмий ишини ҳимоя қилишди.

Фото: Термиз давлат университети
Фото: Термиз давлат университети

Бундан ташқари, жорий йилда тадқиқотчиларга енгиллик яратиш мақсадида чет тили, педагогика, тарих фанларидан малакавий имтиҳонларни ўтказиш ҳамда илмий унвонлар учун махсус имтиҳонлар олиш йўлга қўйилди. Шу йилнинг ўзида 200 дан ортиқ изланувчилар малакавий ва махсус имтиҳонларни муваффақиятли топширдилар. 

2021 йилда 19 нафар профессор-ўқитувчилар илмий унвон олган бўлиб, улардан уч нафари профессорлик унвонига эга бўлди. 

Фото: Термиз давлат университети
Фото: Термиз давлат университети

Илмий салоҳиятни ошириш мақсадида олий таълимдан кейинги таълимга талабгорларни қабул қилиш квоталари ҳам ошириб борилди. Ўтган йили 20 нафар таянч докторант, 1 нафар докторант, 7 нафар стажёр-тадқиқотчи қабул қилинган бўлса, жорий йилда 34 та таянч докторантурага, 2 та докторантурага, 22 та стажёр-тадқиқотчиликка, шунингдек, биринчи марта 14 та мақсадли таянч докторантурага, 1 та мақсадли докторантурага квоталар олинди.

Ўтган йилги олий таълимдан кейинги таълимни битирувчиларнинг 28 фоизи диссертация ишларини ўз вақтида ҳимоя қилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 62 фоизни ташкил қилди.