Спорт | 13:04 / 30.12.2021
34964
4 дақиқада ўқилади

Жалолов ва Жўраев «баҳси»да дуранг, кашфиёт Рашидов, вазир чемпион шахматчи ҳақида гапирди

29 декабрь куни Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасида «Uzbekistan Sport Awards-2021» миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Кечада 25та номинацияда ғолиблар эълон қилинди. Эътиборлиси, энг асосий соврин – «Йилнинг энг яхши спортчиси» икки йўналишда танланди. Мухлислар ўртасидаги сўров натижаларига кўра Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов, Республика комиссияси хулосасига кўра оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев энг яхши деб топилди. Ҳар икки спортчи ҳам 10 минг АҚШ доллари мукофот пули билан тақдирланди.

«Йил кашфиёти» соврини – таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовга насиб қилди. «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» деб Нигина Ўктамова (бокс) ва Камронбек Қадамов (эркин кураш) эътироф этилди.

Шунингдек, паралимпиячилар —Элбек Султонов («Йилнинг энг матонатли эркак спортчиси», пара енгил атлетика), Нурхон Қурбонова («Йилнинг энг матонатли аёл спортчиси», пара енгил атлетика), Сардор Абдухолиқов («Йилнинг энг яхши пара спорт мураббийи», пара енгил атлетика), Бобуржон Омонов («Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси», пара енгил атлетика), Асила Мирзаёрова («Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси», пара енгил атлетика) ғолиблар қаторидан ўрин олишди.

Маросимдан сўнг «Йил спортчиси» Баҳодир Жалолов Tribuna.uz журналистига олдиндаги режалари ҳақида гапириб берди:  «Профессионал боксда жангларимиз бор. Шунингдек, олдимизда Осиё ўйинлари турибди. Худо хоҳласа, ғалабалар билан хурсанд қиламиз.

Ҳозирча ҳаваскор боксдан кетиш ниятим йўқ. Лекин асосий эътиборимни профессионал жангларга қаратаман».

Яна бир чемпион Акбар Жўраев мукофотни қўлга киритганидан мамнунлигини яширмади: «Барчага каттакон раҳмат. Мен учун жуда ҳам омадли йил бўлди. Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ғалаба қозондим, йилнинг энг яхши спортчисига айландим.

Руслан Нуриддинов билан муносабатларимиз жуда яхши. Жаҳон чемпионатидаги ғалабамдан хурсанд эканликларини айтиб, менга омад тиладилар».

Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири, Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов эса тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам муносиб тарзда тақдирланишини таъкидлади: «Бундай йирик маросим илк бор ўтказилмоқда. Ўтган йиллари спортчиларимизга етарлича эҳтиром кўрсата олмагандик. Бу тадбирни янада такомиллаштирамиз. Зеро, совринлар спортчиларга мотивация беради.

Нодирбек Абдусатторов? Унинг ғалабасига мантиқан кўпчилик ишонмаганди. Аслида доим ёшларимизга ишонишимиз керак.

Шахмат федерацияси раиси сифатида айтишим мумкинки, Нодирбек муносиб равишда мукофотланади. Фақат фахрий ёрлиқ берилиши ҳақидаги киноялар асоссиз. 

Мана ҳозир эълон қилинибди: президентимиз томонидан «Мард ўғлон» мукофоти ва 2 хонали уй берилди. Ҳали пул мукофоти ҳам бўлади. Чемпионни аэропортда тантанали кутиб оламиз. Менимча, бутун Тошкент уни кутиб олишга чиқади».

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдувоҳид Умаров

Мавзуга оид