АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Kun.uz ва Uzbek.life учун интервью берди. Суҳбат Америка–Ўзбекистон ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши виза ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.
Америка–Ўзбекистон ҳамкорлиги
Икки давлат ўртасидаги муносабатларда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгандан кейин кўп нарса ўзгарди. Хусусан, иқтисодий, ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда ижобий ўзгаришларни кўрдим. Лекин ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор. Президентнинг ўзи ҳам ислоҳотлар борасида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидлади.
Фурсатдан фойдаланиб шуни айтиб ўтмоқчиманки, бу йил Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳозир энг юқори даражага етган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Буни биз Ўзбекистоннинг қўшнилари билан ривожланиб бораётган дўстона алоқаларида ҳам кўряпмиз.

Яна бошқа мисоллар келтираман, ўтган ҳафтада биз Ўзбекистонга CОVАХ дастури орқали 300 000 доза Pfizer вакцинасини олиб келишга муваффақ бўлдик. Бу фақатгина Covid-19 билан боғлиқ даврга мисол, биз авваллари ҳам сил касаллиги, турли инфекцион касалликлар борасида ҳамкорлик олиб борганмиз. Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамкорлигимизга яхши мисол бўла олади.
Қарши шаҳрида эса «Window on America» маркази очилган. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб 140 га яқин давлатда 600 дан ортиқ шундай марказлар бор. Авваллари бундай марказ фақат Тошкентда бўларди. Энди эса ана шундай “дарча”лардан бирини Қаршида ҳам очишга муваффақ бўлдик. Март ойида ўзим ҳам унинг очилиш маросимида иштирок эта олганимдан мамнунман, бу мен учун жуда ҳам ҳаяжонли дақиқалар эди.
Кейинги йилларда бу каби марказлардан яна 6тасини очишни режалаштиряпмиз.
Икки давлат ўртасида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар
Аввало, биз хавфсизликка доир ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Афғонистондаги ҳолат туфайли ҳудуддаги вазият ўзгарди. Америка ҳам, Ўзбекистон ҳам Афғонистон яна террорчи гуруҳлар кучаядиган жойга айланиб қолмаслигига ҳаракат қилиши лозим.















