Kun.uz қадриятларга асосланган бизнесдаги барака омиллари мавзусида Ислом молияси бўйича мутахассис ҳамда тадбиркор Козимхон Тўраев билан суҳбат уюштирди.

— Ассалому алайкум, Козимхон ака. Аввало Исломда мусулмон киши пулга нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак? Шу ҳақда маълумот бериб ўтсангиз.

— Ислом динининг ҳам ривожланиши ва ўсишида пул муҳим аҳамиятга эга бўлган. Динимизнинг асосий 5 та фарз амалларидан 4 тасида пул ва моддиятнинг аҳамияти бор. Масалан, намоз ўқиш учун кийим, масжид керак. Рўза тутиш учун таом сотиб олиш керак. Закот ва ҳаж эса тўғридан тўғри молиявий ҳолатга боғлангани ҳам сир эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадис ҳам бор: «Мусулмон одам учун энг яхши ризқ — бу ўз қўли (касби) билан топган ризқидир». Бунда ҳам хулоса қилиш мумкинки, мусулмон одам ишлашга, чиқиб пул топишга тарғиб қилинган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом иккита одамга ҳавас қилиш мумкин, дейди: «Биринчиси, бой инсон. У бойлигини ҳалол йўлда топади ва ҳалол йўлда ишлатади…»

— Ислом динида ўз эҳтиёжидан ортиқ моддий ёки пул кўринишида бойлик орттириш мақсадида ҳаракат қилишга, аниқроғи бизнес қилишга қандай қаралади?

— Ислом динида бизнес қилишга ҳам ижобий қаралади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларки, ризқнинг ўндан тўққиз қисми тижоратда, яъни ҳозирги тил билан айтганда, бизнесда. Тарихни олиб қарасак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам тижорат билан шуғулланган. Асосий масала – пулни ҳалолдан топиш ва ҳалол нарсалар учун ишлатиш.

Мен АҚШ ва Япониядаги бизнес муҳитни кўриб, кўп нарсани ўрганиш мумкинлигини ҳис қилдим. Масалан, улар бизнес этикага риоя қилиш, мижозларнинг брендга бўлган садоқатини сақлаб қолиш учун жуда катта пуллар сарфлашади. Ваҳоланки, бизнинг қадриятларимизда – Қуръон ва ҳадисда бу нарсалар ҳам айтилган. Мен Ислом тараққиёт банкида ишлаб Ўзбекистонга қайтганимдан кейин бу нарса устида ишладим. Ҳозирда «Бизнесда барака омиллари» номли тадбиркорларга амалий қўлланма тайёрлаганмиз.

— Бизнесни бошлашда, уни юритиш давомида нималарга эътибор қилиш керак?

Фото: Kun.uz

— Аввало, бизнесни бошлашда ўз олдига тўғри мақсад қўйиш керак. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни ўзига ибодат қилиш учун яратганини айтади. Шу сабабли мусулмонлар ҳар бир ишини тўғри ният билан қилса, ҳар бир иши савоб ҳисобланиб, ўша учун ҳам савоб олиши мумкин. Бизнес муваффақиятли бўлиши учун Қуръон ва суннатда келган тавсияларга амал қилиши керак. Шу билан бир қаторда, маркетинг, бошқарув илми ва молиявий саводхонлик каби дунёвий илмларни ҳам ўрганиши, сабабларни ушлаши керак.