Қозоғистон шаҳарларида газ нархи ошишига қарши намойишлар

Янги йилнинг илк кунларида Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 60 тенгедан (1 492 сўм) 120 тенгега (3 минг сўм атрофида) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митинг ўтказишди.

Фото: tengrinews.kz

3 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга «Жанаўзендаги вазиятни зудлик билан иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳада кўриб чиқиш» бўйича топшириқ берди. 

Тўқаев намойишчиларни мулоқотга чақирди. «Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлади, унинг таркибига президент маъмурияти ходимлари киради. Республика оператив штаби доимий асосда ишламоқда. Комиссияга мамлакатимиздаги барқарорлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда юзага келган муаммонинг ўзаро мақбул ечимини топиш топширилди. Ҳуқуқ-тартибот органларига жамоат тартибининг бузилмаслигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Намойишчилар масъулият ва мулоқотга тайёр бўлиши лозим», деб ёзган Қозоғистон президенти Twitter'da.

Кўп ўтмай ҳукумат комиссияси аъзолари Ақтаудаги намойишчилар билан учрашгани ва Манғистау области учун бир литр газ нархи 50 тенге деб белгиланишини билдиргани хабар қилинди. Аммо намойишчилар энди бошқа талабларини билдиришмоқда.

Фото: t.me/Ateo Breaking

4 январь куни мамлакатнинг барча йирик шаҳарлари - Нур-Султон, Олмаота, Ақтау, Қарағанда, Чимкент, Ақтўбе, Қизилўрда ва бошқа ҳудудларда ҳам минглаб кишилар кўчаларга чиқишди.

Павел Михеев / Reuters / Scanpix / LETA
Владимир Третьяков / AP / Scanpix / LETA