Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси чигит хом ашёси “Умакай” постидан ўтказилмаётгани юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБга сўровнома юборган.
Қўмита ахборотига кўра, ҳолат юзасидан қўмитага ҳам мурожаатлар келиб тушган. Бу мурожаатлар монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари доирасида чора кўриш учун ўрганилмоқда.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.
Аксилмонопол органнинг эслатишича, 2020 йилда ҳам 3 та вилоятда бу каби ҳолат кузатилган. 2020 йил 27 ноябрда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилгани бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоят ҳокимликларига ҳамда ушбу вилоятларнинг ИИБларига нисбатан қўмита томонидан иш қўзғатилган эди.
Ўшанда қонунчилик талаблари бузилгани ўз тасдиғини топган, шу сабабли ҳокимликларга ва вилоятларнинг ИИБларига нисбатан қўмита қарори қабул қилинган ва кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Қашқадарё вилоятидаги корхоналар томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотларини сотиб олганлар ўз харидларини вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсиқларга учрамоқда.
Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирувини давом эттирмоқда. Аввалроқ дастлабки тафсилотлар эълон қилинган эди.
Қашқадарё ҳокими вилоятдан бошқа ҳудудларга чигит олиб чиқишни тақиқлади
«Бунинг номи – феодализм». Қашқадарё ҳокимининг талаби норозиликларга сабаб бўлмоқда
Каттақўрғонлик тадбиркорнинг 100 тонна чигити Қашқадарёда чирияпти. Ҳокимлик паст кетмоқчи эмас

















