Ўзбекистон | 09:49 / 07.01.2022
1643
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда Қорақалпоғистонда 104 та коррупцион ҳолат аниқланган

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистонда 2021 йилда коррупция билан боғлиқ 104 та, шундан пора олиш ва пора бериш билан боғлиқ 70 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига таяниб Huquq газетаси ёзмоқда.

Қайд этилишича, ўтган йил давомида Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширган.

Масалан, Беруний туманидаги спорт мактабининг директори Н.А. мактабда мураббий бўлиб ишловчи М.З.нинг фаолиятини текширмаслик эвазига ундан 500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. М.З. эса ушбу талаб ҳақида департаментга мурожаат қилган.

Ўтказилган тадбирда директор талаб қилинган пулнинг 300 долларини учинчи шахс орқали олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Д.Р. исмли фуқаронинг аризаси юзасидан ўтказилган тадбирда яна бир жиноятга чек қўйилди. Гап шундаки, асли касби ўқитувчи бўлган Р.А. ариза эгаси Д.Р.ни танишлари орқали ишга киритишга ваъда берган ва бунинг эвазига ундан 300 доллар пул талаб қилган. Ариза бўйича ўтказилган тадбирда у бу пулни Д.Р.дан олаётган пайтда ушланди.

Суриштирув чоғида эса Р.А. бу пулни ўзи яшаб турган ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотининг мудири вазифасини бажарувчи Н.У.га бериши кераклигини айтади.

Шундай қилиб, пора олиш ва беришда воситачилик қилган Р.А.нинг пушаймонлик аризасига асосан тадбир давом эттирилади. Мудир вазифасини бажарувчи Н.У. ҳам ўз хизмат хонасида 300 долларни Р.А.дан олаётганида ушланади.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларнинг жавобгарлиги масаласи ҳал қилинди.

Олдинроқ Қорақалпоғистонда қайси соҳада коррупция кўпроқ учраши маълум қилинганди.

Мавзуга оид