2021 йил 7 декабр куни Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги «Indenim» савдо мажмуасида юз берган портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 9 киши жароҳатланди.

Бугун, 8 январ куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров АОКАда брифинг ўтказиб, воқеа юзасидан тузилган ҳукумат комиссиясининг хулосасини маълум қилди.

Йўқотишлар

Фожиа оқибатида 2 нафар киши қурбон бўлиб, 9 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. 140 та турар жойга, яъни 76 та ҳовли уй, 5 та кўп қаватли уйдаги 64 та хонадон, 86 та нотурар жой, умумий ҳисобда 226 та иморатга зиён етган.

Талафот кўрган 25 та бино, жумладан, 13 та турар жой ва 12 та нотурар жой бинолари яроқсиз ҳолатга келган.

Воқеа тафсилоти

2021 йил 07 декабрь куни соат 03:54да Денов тумани фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмларига Денов тумани "Боғинав" МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган "Инденим" МЧЖга қарашли савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, воқеа жойига биринчи навбатда Денов шаҳрининг, сўнгра вилоятнинг тегишли барча тезкор ва авария хизматларининг куч ва воситалари жалб этилган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилиб, чақнаш оқибатида мажмуанинг асосий кириш эшигидан кирилганда, ўнг томондаги 4-6 колонналар орасида 25 кв.м майдонда савдо расталари ҳамда мажмуа ичида бўлган 2 дона "Spark" ва "Cobalt" русумли енгил автомобиллардаги ёнғин бартараф этилган.

Мажмуа ҳақида

Мажмуа 2012-2013 йилларда "Сурхонматлуботсавдо" МЧЖ томонидан қурилган. 2 қаватли, майдони 4 минг 768 кв.м ни ташкил этади. Бинонинг юк кўтарувчи конструкциялари темир-бетон колоннали, биринчи ва иккинчи қаватлараро ёпмаси темир-бетон плитали, тўсувчи (секторларга бўлувчи) конструкциялар колонналари оралиғи пишган ғишт билан қурилган, том ёпмаси металл конструкциялар устидан "сендвич панел" билан қопланган.

Мажмуанинг биринчи қаватида озиқ-овқат маҳсулотлари, иккинчи қаватида кийим-кечак моллари билан савдо қилиш расталари жойлашган.

Портлаш сабаби

Ҳодиса натижасида энг кўп зарар кўрган жой бинога олд томондан кирилганда чап узоқ бурчакнинг чап томонидаги девордан тахминан 15 метр, бинонинг орқа деворидан тахминан 10 метр узоқликда жойлашган жой бўлиб, ушбу жойдаги темир-бетон конструкциялар маркази (эпицентр)дан ташқарига қараб ҳажмли портлашга хос деформацияланган.