Сирли қўшалоқ скелет

1993 йилнинг эрта баҳорида Тожикистоннинг Исфара шаҳридан тахминан 10 км масофада жойлашган тоғ бағридан чўпонлар одам суякларини топиб олишади. Бу ҳақда дарҳол Исфара туман ички ишлар бўлимига хабар берилади. Бироқ суяклар топилган жойга етиб келган тожикистонлик тезкор ходимлар бу ҳудуд қўшни Ўзбекистон Республикасига тегишли эканини аниқлайди. Шу туфайли, тартибга мувофиқ Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИБга хабар берилади.

Воқеа жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, туман прокурори, прокурор-криминалист, прокуратура терговчиси, суд-тиббиёт эксперти ва ИИБ тезкор ходимлари зудлик билан етиб боради.

Тергов гуруҳи қизиқ манзарага дуч келади – Шўрсув аҳоли пунктидан тахминан 14 км узоқликдаги тоғ чўққилари орасидаги қўлбола қабр Тожикистоннинг Исфара тумани билан чегара жойда қазилган эди. Бу терговни чалғитиш учун қилинганмикан?

Яқин орада аҳоли яшаш пункти йўқ бўлиб, Исфарага қарашли энг яқин қишлоқ бу ердан 7 км масофада жойлашганди.

Қабр атрофидаги 10 квадрат метр масофада одам қовурғалари сочилиб ётар, қабрнинг ўзидан ҳам суяклар чиқиб турарди. Балки, ёввойи ҳайвонлар ҳид олиб, кўмилган жойни қазиб ташламаганида ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетармиди...

Кўздан кечириш чоғида иккита бош суяги топилди.

Жасадлар чуқурликка ноодатий усулда – худди ўйин карталаридаги фигуралар каби оёқлари бир-бирларига узатилган ҳолда кўмилганди.

Табиий ўлимми ёки қотиллик?

Скелетлар эҳтиёткорлик билан чуқурликдан чиқариб олинди. Марҳумларнинг жинсини, ёшини, шахсини, вафот этиш вақти ва сабаби, дафн этиш вақти кабиларга аниқлик киритиш мақсадида экспертиза тайинланди.

Воқеа жойини кўздан кечириш ва кейинги тергов босқичларида ҳам тезкор ходимлар томонидан «Бу – табиий ўлим ва оддий дафн қилиш» деган фикрлар бир неча бор янграйди. Дарҳақиқат, тоғли жойларда дайдиларни вафот этган жойида дафн этиш ҳолатлари бир неча бор кузатилганди. Лекин терговчининг ички ишончи бу жиноят эканини айтиб турарди. Ҳали бир қарорга келиш учун етарли фурсат бўлса-да, ушбу ички ишонч шу куниёқ Жиноят кодексининг 80-моддаси (Кодекснинг аввалги таҳририда қасддан одам ўлдириш жинояти 80-моддада назарда тутилган эди) билан жиноят иши қўзғатишга туртки бўлди.

Бедарак йўқолганлардан «нажот»