Мол-мулк солиғи билан боғлиқ муаммо
Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларини юридик ва жисмоний шахс эгалигидан қатъи назар бозор қиймати асосида солиққа тортиш тизими жорий қилинди.
Мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат киритилди, бу Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм, вилоятларда 1 500 000 сўм, туман ва шаҳар марказларида 1 миллион сўм этиб белгиланди.
Тадбиркорларнинг эътирозларига кўра, бунинг натижасида солиқ тўловлари 2-3 баробарга ошиб кетган.
ДСҚ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 69 мингдан ортиқ мол-мулк солиғи тўловчиси бўлиб, ушбу ўзгариш натижасида мулк қиймати (бозор қийматидан) паст кўрсатилган 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади. Бироқ белгиланган тартибда кўчмас мулкини қайта баҳолаб борган 21 мингдан ортиқ солиқ тўловчида мол-мулк солиғи ўтган йилга нисбатан камаяди.
Шунингдек, 7 мингга яқин тўловчида солиқ суммаси ўзгаришсиз қолса, мулк қийматини «нол» кўрсатиб, белгиланган тартибда қайта баҳолаш ўтказмаган ва мол-мулк солиғи тўламаган 5 мингга яқин корхона баҳолаш натижасига кўра мол-мулк солиғини қайта ҳисоб-китоб қилади.
Бундан кўриниб турибдики, қарийб 60 фоиз мол-мулк солиғи тўловчисида солиқ юки ошади.
«Пасайтирилган солиқ ставкаси бизнесга ёрдам эмас, тузоқ»
Иқтисодчи Отабек Бакиров 2022 йилдан юридик шахсларга мол-мулк солиғи пасайтирилишига қарамай, аслида солиқ юки ошишига эътибор қаратди.
«2022 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулки солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтирилди. Бу ўзгаришлар гўёки бизнес манфаати учун қилингани ҳақида кўп баландпарвоз гаплар айтилди.
Афсуски, ставка пасайтирилиши бизнесга ёрдам эмас, тузоқ эканини кўпчилик парламентдаги бюджет муҳокамалари вақтида пайқамади ҳам.
Халқ сайлаган депутат Ғаниев бу борада савол қўйган вақтда, парламент мажлиси муҳокамалар жойи эмаслиги бутун бошли партия раҳбари (Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳақида гап кетмоқда) томонидан таъкидлангани эсингиздадир.
















