Ўзбекистон | 17:50 / 14.01.2022
3649
1 дақиқада ўқилади

Ўтган йили аукцион орқали қарийб 300 млрд сўмлик авторақамлар сотилган

2021 йилда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмни, энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил этган.

Фото: KUN.UZ

2021 йил якунларига кўра товар-хомашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 298,8 млрд сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилган. Авторақамларнинг сотуви 2020 йил билан таққосланганда сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича – 21 фоизга ўсган.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмни, энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 91 фоизи жисмоний шахслар, 9 фоизи - юридик шахслар томонидан харид қилинган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (48 фоиз) Самарқанд ва Фарғона (8 фоиздан), Наманган ва Андижон (6 фоиздан), ҳамда Бухоро (5 фоиз) вилоятларида харид қилинган.

Маълумот учун, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи –Давлат бюджетига, 20 фоизи –Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.

Мавзуга оид