Жаҳон | 17:02 / 23.01.2022
26771
2 дақиқада ўқилади

Океанни қайиқда кесиб ўтмоқчи бўлган француз саёҳатчиси ҳалок бўлди

Саргузаштларга иштиёқманд 75 ёшли француз Жан-Жак Савен океанни ёлғиз кесиб ўтиш бўйича иккинчи саёҳати чоғида ҳалок бўлди - у Атлантикадан эшкакли қайиқда ўтмоқчи бўлган.

Фото: Getty Images

Жума куни Савеннинг ағдарилиб кетган қайиғи Азор ороллари яқинида, у саёҳатини бошлаган Португалия қирғоқларидан тахминан 1,5 минг километр масофада топилди.

Савеннинг ўлими сабаби ва бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

«Афсуски, бу сафар океан бизнинг денгизни ва у бўйлаб саёҳатларга чиқишни ёқтирадиган дўстимиздан кучли чиқди», дейилади Савеннинг Фейсбукдаги саҳифасида.

Савен Атлантика океани оша иккинчи сафарини 1 январь куни Португалиянинг Сагреш портидан бошлаганди. Биринчи сафар у уч йил муқаддам махсус ясалган бочкада бу ишни уддалаган.

Савен 2019 йилда Атлантикани бочкани эслатувчи капсула орқали кесиб ўтиб шуҳрат қозонганди. Ўшанда бу ишга у 122 кун сарфлаган.

Пайшанбага ўтар кечаси Савен икки марта ҳалокат сигнали юборган. Шундан кейин у билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

Ундан олдинроқ, чоршанба куни у фейсбукдаги саҳифасида кучли шамоллар унинг саёҳатини 900 километрга узайтиргани ва унда қуёш панели билан муаммо юзага келганини ёзган, шу билан бирга, ўқувчиларини қўрқинчли ҳолат йўқлиги ва Азор ороллари пойтахти Понта-Делгадога етиб олиши биланоқ муаммоларни бартараф этишига ишонтирганди.

Собиқ ҳарбий, кейин хусусий учувчи бўлган Савен ўтган ҳафтада ўз қайиғида 75 ёшини нишонлаганди. У бу ташаббусини «кексалик устидан кулиш воситаси» деб ҳисоблаганди.

Ўз қайиғини Савен «Довюрак» (Audacieux) деб атаганди. Жума куни қайиқни денгизда ағдарилган ҳолда топишди / Getty Images

Мавзуга оид