Энергетика вазирлиги республика электр энергияси таъминотида узилишлар бўйича икки бор баёнот берди. Дастлабки баёнотда йирик авария сабабли республиканинг Тошкентдан бошқа шаҳарларида ҳам свет ўчгани тасдиқланганди.

«Бугун, 25 январь куни соат 11:00да энерготизимда йирик носозлик юзага келиб республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Айни пайтда мутахассислар томонидан носозликни тиклаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади вазирликнинг биринчи изоҳида.

Иккинчи баёнотда маълум қилинишича, авария Қозоғистондаги энерготизимда рўй берган. Ҳозир Ўзбекистон энергетиклари станцияларни Қозоғистон энерготизимидан узиб, ўчган тармоқларни алоҳида-алоҳида ишга туширмоқда.

«Соат 10:57 да Қозоғистон Республикаси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олмаота, Чимкент, Тароз, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.
 
Бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда электр энергия ўчиши кузатилди. 

Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частота кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.

Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.

Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ТЭЦларни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

Авария тафсилотлари бўйича қўшимча равишда ахборот берилади», дейилади хабарда.

Яна нима гаплар?

Тахминан соат 11:00 ларда Тошкент шаҳри электр энергиясида узилиш содир бўлгани маълум қилинди. Кейинроқ узилиш бутун республика ҳудудлари бўйлаб рўй бергани маълум бўлди.

Авария сабабли Тошкент метроси фаолияти тўхтаб қолган.