Вазирлар Маҳкамасининг “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари “Аёллар дафтари”га киритилган ва уй-жойини таъмирлашга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини тизимли равишда таъмирлаш ишларини олиб боради.

Бунда, ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача миқдорда маблағ ажратилиши назарда тутилади.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг фарзандларига даволаш, дори-дармон олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатлари “Аёллар дафтари” жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

Белгилаб қўйилишича, “Аёллар дафтари” юритилиши бўйича секторлар раҳбарлари ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ҳисобланади.

“Аёллар дафтари”нинг юритилиши, уларга киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, тизимли кўмаклашиш ва кўрилаётган чоралар натижадорлигини баҳолаш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизим жорий этилади:

а) ҳар ойда секторлар раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳисобот бериб боради ва улар фаолиятига баҳо берилади, шунингдек, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан маҳаллабай “Йўл хариталари” тасдиқланади;

б) ҳар чоракда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги “Аёллар дафтари”нинг юритилиши юзасидан ҳудудлар бўйича ҳисобот ва таҳлилий материалларни Ўзбекистон бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарига ва Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясига киритади;

ҳудудлар фаолиятига баҳо берилиши, шунингдек, муаммоларни “маҳаллабай” ҳал этиш бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда ҳокимликларга топшириқ хатлари юборилишини таъминлайди.