Ўзбекистонда иккинчи кундирки кўплаб ҳудудларда свет ўчиқлигича қолмоқда.
Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда 26 январь куни соат 22:00 ҳолатига кўра электр энергияси билан боғлиқ ҳолат бўйича маълумот берди.
«Умумтизимда юзага келган носозликлар сабабли мамлакатимиздаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.
Шу сабабли, иссиқлик электр станцияларида газ босими камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш борасида барча чоралар кўриб борилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этиш керакки, вазирликнинг айни вақтдаги вазият вазирликнинг соат 4:00да берган маълумотномасидан жиддий фарқ қилади. Кун аввалида республиканинг 8 ҳудудида - Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида электр таъминоти тўлиқ тиклангани маълум қилинганди.
Энди эса Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Фарғонада таъминот тўлиқ тикланмагани, фақат Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Жиззахда кўрсаткич 100 фоиз экани маълум қилинди. Лекин Kun.uz маълумотига кўра, Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида кун давомида свет бўлмаган.
1. Қорақалпоғистон Республикаси — Барча туман ва шаҳарларида электр таъминоти мавжуд (100 фоиз).
2. Андижон вилояти (55 фоиз) — Андижон шаҳар 75 фоиз, Хонобод тумани 80 фоиз, қолган барча туман ва шаҳарларда 40 фоиз электр таъминоти мавжуд;
3. Бухоро вилояти (80 фоиз) — Қоракўл тумани 60 фоиз, қолган барча туман ва шаҳарларда 100 фоиз электр таъминоти мавжуд;
4. Жиззах вилояти (100 фоиз) — Барча туман ва шаҳарларида электр таъминоти мавжуд;


















