Қирғизистон блэкаут туфайли Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимидан чиқди, деб хабар берди «24.kg» мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот котиби Жийде Зоотбековага таянган ҳолда.
Таъкидланишича, Қирғизистон ягона энергия ҳалқасидан чиққанидан сўнг мамлакатда электр таъминоти босқичма-босқич тиклана бошлаган. Аммо расмий Бишкек умумий энергия ҳалқасидан бутунлай чиққани ҳақида маълумот бермаган. “Тоқтогул” сув омборининг сув сатҳи “ўлик чегара” даражасигача тушиши эҳтимоли борлиги сабаб қўшни мамлакатлар томонидан Қирғизистонга электр энергия етказиб бериш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди. Мантиқан ўйлаб қаралса, айни пайтда энергия таъминоти бошқа мамлакатларга боғлиқ бўлиб қолган Қирғизистоннинг умумий энергетика тизимдан чиққани носозликлар бартараф этилгунга қадар вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.
Умуман олганда, тугатилиб, яна қайта ташкил этилган ягона энергетика тизими минтақа мамлакатлари учун қанчалик аҳамият касб этади?
Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими
Собиқ иттифоқ вақтида Марказий Осиёнинг гидроэнергетикаси ва деҳқончилигини ривожлантириш ягона тизимга бирлаштирилган эди. Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Жанубий Қозоғистонни қамраб олган Марказий Осиё энергетика тизими оператори ролини Тошкент бажарган. Айнан Ўзбекистон бошқа тўрт давлат билан чегарадош бўлиб, бу ҳол уни табиий равишда минтақавий энергия ҳабига айлантирган. СССР парчаланганидан кейин 1997 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида энергия тизимларининг параллель ишлаши тўғрисида шартнома имзоланади. Мураккаб тизим бешта давлатнинг 83 та электр станциясини бирлаштирган ва Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган.
Тизим электр энергияга мавсумий талаб ва сувга эҳтиёжлар ўзгаришларини мувозанатлаштиришга имкон берган. Тожикистон ва Қирғизистон қишки вақтда ўзидаги сув омборларида сув йиғиб, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергия ва энергия захиралари (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзги вақтда Тожикистон ва Қирғизистон йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга ерларни суғориш учун йўналтирган.



















