Жамият | 12:49 / 01.02.2022
15207
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ИИБ ходимлари «тошбўрон қилингани» айтилган видео юзасидан изоҳ берилди

Андижонда ИИБ ходимлари уюшган жиноий тўда томонидан тошбўрон қилингани айтилган видео юзасидан расмий маълумот берилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Балиқчи туманида ИИБ ходимлари маҳалланинг «уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари» томонидан тошбўрон қилингани айтилган видео тарқалди. Видеода бир неча киши уйлардан бирига қарата тош отаётгани, ички ишлар ходимлари эса уларни тартибга чақираётганини кўриш мумкин. 

Балиқчи тумани ИИБ тумандаги «Аълам» МФЙ ҳудудида юз берган ҳолат бўйича муносабат билдирди. Таъкидланишича, отилган тошлар ИИБ ходимлари ва бошқа мутасаддиларга тегмаган.

Маълум бўлишича, Балиқчи тумани «Аълам» МФЙ Идрок кўчасида яшовчи фуқаро Б.А. туман «Сувоқова»га тегишли бўлган сув қазиб чиқариш ҳудудини ўз томорқасига ноқонуний равишда қўшиб олган. У ўша ҳудудни девор билан ўраб олгани сабабли сув қудуғи носоз ҳолга келиб қолса, таъмирлаш учун келувчилар бу ҳудудга ўтиши муаммога айланган. Шу боис, маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида можаро юзага келган. 

«Мазкур масала юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда ИИБ ходимлари томонидан аҳолига ушбу масала Фуқаролик ишлари бўйича судда ҳал этилиши тушунтирилган. Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туман судида 28.05.2021 йил куни бўлиб ўтган суд жараёнида сув қудуғи ҳудуди маҳаллага ажратиб берилиб, масала маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган», дейилади туман ИИБ муносабатида.

Хабарда айтилишича, МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан Б.А.га ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган. Бир неча бор ижро ҳаракатлари олиб борилган, лекин суд қароридаги жойларни бўшатиб беришга ушбу оила қаршилик қилиб келган.  

«2022 йил 28 январь куни соат 16:00ларда МИБ ходимлари суд қарорига асосан Б.А. хонадонига сув қудуғи ҳудудидаги ноқонуний қурилган бинони бузиш учун ижрога боришган вақтларида, Б.А ва унинг ўғли Р.Ш., келини Й.Г. билан маҳалла аҳолиси ўртасида низо келиб чиққан. Низо натижасида маҳаллада яшовчи бир неча фуқаролар томонидан Б.А.нинг кўрсатган қаршилигига жавобан унинг уйига тош ва ғишт бўлаклари отилган. Тошлар у ерда бўлган ИИБ ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилот ходимларига қаратилмаган. Ҳолат у ерда бўлган ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади туман ИИБ муносабатида.

Мавзуга оид