11:09 / 02.02.2022
24921

Музаффар Комилов президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Шоазим Миноваров Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Музаффар Комилов эгаллади.

Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси тайинланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Музаффар Комилов

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. 

Маълумот учун, Музаффар Комилов илгари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида проректор лавозимларида фаолият юритган. 

У 2018 йил 18 апрелдан буён Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари эди.

Музаффар Комилов Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимини сақлаб қолган. У 2021 йил майида ректорликка тайинланганди.

Шоазим Миноваров

Шоазим Миноваров 1997-2006 йилларда Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари, раиси бўлган. 2006 йил 1 августдан 1 декабригача - Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси, 2006 йил 1 декабрдан 2008 йил 28 июнгача - Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

У 2008-2012 йилларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бўлган, 2013 йилда пенсияга чиқарилган. 2015 йилдан 2017 йил ёзигача Тошкентдаги Француз альянси раиси бўлган. 2017 йил июл ойида Ислом маданияти марказининг директори этиб тайинланган.

Шоазим Миноваров 2021 йил майида Рустам Қосимов вафот этгач, унинг ўрнига президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаганди. У энди Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбари сифатида фаолиятини давом эттиради.

Top