Рада депутатлари Украинанинг ғарблик иттифоқчиларига кўмак учун миннатдорчилик билдирмоқда / Reuters

Олий Радада чиқиш қилган Зеленский Ғарб мамлакатларига уларнинг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. «Украинани дипломатик қўллаб-қувватлаш 2014 йилдан буён энг юқори нуқтасига чиққан ва бу давом этмоқда. Украинага 2014 йилдан буён энг катта ва бебаҳо ҳарбий-техник ёрдам  кўрсатилмоқда ва ёрдам келиши давом этмоқда», деган президент.

Ўтган ҳафтада Буюк Британия, АҚШ ва дунёнинг яна бир қанча давлатлари Украинага ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган юкларни етказиб беришни бошлади. Сешанба куни Киевга АҚШдан олтинчи партия етиб келган, Украина мудофаа вазири Алексей Резников твиттерида ёзишича, Киев АҚШдан ҳозиргача жами 500 тонна ҳажмдаги ўқ-дори ва қуроллар қабул қилиб олган.

Украина, Польша ва Буюк Британия альянси

Зеленский Украина Польша ва Буюк Британия билан янги сиёсий иттифоқ тузганини ҳам маълум қилди, бу ташкилот хавфсизлик, савдо, инвестициялар ва энергетика бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Бу бирлашув ҳақида сешанба куни расман эълон қилиниши керак эди, аммо Форин-офис раҳбари, Британия ташқи ишлар вазирлиги Лиз Трассда коронавирус аниқланиб, у Киевга кела олмагани туфайли бу муддат кейинроққа сурилди.

Жонсон қўшма матбуот анжумани чоғида Путин «Украинанинг бошига тўппонча тираб тургани»ни айтди / PA MEDIA

Аммо Украина пойтахтига, аввалдан режалаштирилганидек  Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ташриф буюрди. У Зеленский билан музокаралар ўтказди, музокаралар якуни бўйича томонлар қўшма баёнот билан чиққан бўлиб, унда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини «улкан стратегик хато» бўлиши ва ўз ортидан «жиддий гуманитар оқибатлар»ни юзага келтириши таъкидланган. Баёнотда қайд этилишича, Буюк Британия «Россиянинг давом этаётган тажовузи қаршисида Украина билан елкама-елка туришга тайёрлиги»ни билдирган.

Учрашувдан кейин ташкил қилинган қўшма матбуот анжуманида Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўпланишини «замонавий тарихда Украинага нисбатан душманликнинг энг жиддий намойиши» деб атади.

«Украина армияси жанг қилади. 200 минг украин эркаклар ва аёллар зарба остида. Улар жуда қақшатқич ва қонли қаршилик кўрсатишади ва мен ўйлайманки, Россиядаги оталар ва оналар бу ҳақда ўйлаб кўриши керак. Умид қиламанки, президент Путин зиддият йўлидан қайтади ва биз мулоқот бошлаймиз», деган британлар бош вазири.