Партия матбуот хизмати сўнгги вақтларда содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олиб шундай қарорга келинганини баён қилган.
“Бугунги ёш авлоднинг “тиктокер”лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётгани мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозимлигидан далолат беради”, – дейилади партия муносабатида.
“Адолатчи”лар бир неча кун аввал Самарқандда кўчада кетаётган ёши кекса одамнинг юзига тепиб ўтиб кетган тиктокернинг видеоси шулар жумласига киришини айтади.
“Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди. Бундай ҳолатлар миллатимиз, маънавий-маданий қарашларимизга тамомила зид тушунчалардир”.
Бундай иллатларга қарши биргаликда курашга чақирган «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари ёшларни миллатга ёт бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдори эканлигини ёзган.
“Бундай шарафли йўлда керак бўлса, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги бундай мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим.
“Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку” дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган TikTok билан тиктокерларимиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади”, – дейилади партия баёнотида.
Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш учун демократик жараёнларни жадаллаштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган партиядан янграган бу таклиф жамоатчилик томонидан салбий қаршиланди.











