Спорт | 13:19 / 05.02.2022
18579
6 дақиқада ўқилади

«Жамоалардан пул оладиган эмас, уларга пул берадиган ташкилотга айланишимиз керак» – ПФЛ илк бор молиявий ҳисобот топширди

4 феврал куни Ўзбекистон профессионал футбол лигаси илк бор ОАВ олдида очиқ молиябий ҳисобот топширди. ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев сўзга чиқиб, 2021 йилдаги кирим-чиқимлар, эришилган ютуқлар ва камчиликлар ҳақида гапирди.

«Бу йил ПФЛ бадал пулларидан 6 млрд 300 млн, легионерлар учун тўловдан 2 млрд 520 млн, тартиб-интизом жарималаридан 494 млн 500 минг, ҳомийлардан 9 млрд 280 млн – жами 15 млрд 725 млн сўм пул топди. Ҳакамлар, комиссарлар, инспекторлар, ишчи-ходимлар, тўплар, VAR, мусобақалар ўтказиш, тақдирлаш маросимлари,аудитор текшируви, COVID текшируви, футболчиларни суғурталаш ва статистика каби харажатлар эса жами 16 млрд 618 млнни ташкил этди.

Йил аввалида Суперлига учун бадал пулини 500 млн сўмдан 350 млнга туширдик. Про лига ва Биринчи лига учун тўловларни 50 фоизга камайтирдик. Тарихда биринчи марта аёллар футболи ва футзал учун бадал пулларидан воз кечдик. Легионерлар учун тўловни 40 млн сўмга туширдик. Агар хорижлик футболчи Ўзбекистонда иккинчи мавсумини ўтказаётган бўлса, бу қиймат 50 фоизга қисқаради. 5 йилдан буён Ўзбекистонда ўйнаётган легионерлардан эса пул олинмайди.

Бу йилдан тартиб-интизом жарималарини ЎФАга болалар футболини ривожлантириш учун ўтказиб берамиз. Яқин келажакда «Students Cup» (Талабалар Кубоги) ташкил этмоқчимиз. Чет элда университетларда футбол бўйича талабалар жамоаси бор ва улар ҳатто кубок баҳсларида гранд жамоалар билан тўқнаш келиб, яхшигина пул ишлашади. Футболчи бўлишни истаган, аммо ота-онаси сабаб ўқиш йўлини танлаган ёшлар учун ажойиб имконият юзага келади. 

Энг асосий ютуқларимиздан бири – клубларимизни ҳакамларнинг борди-келдиси ва яшаши учун тўловлардан қутқардик. Аввал жамоалардан пул олмайдиган ташкилотга айланиб олишимиз керак, сўнг, аксинча, уларга пул беришга ҳаракат қиламиз.

ОФКнинг литцензиялаш талабини 12та клубимиз бажарди, бу йил шуни 16тага олиб чиқмоқчимиз. ОФК литцензиясини олмаган Суперлига клубларини Про Лигага тушириб юборамиз. Япониядан ўрнак олишимиз керак: 54та клуби лицензия олди. Бу – улар учун одатий ҳол.

Суғурталаш масаласига ҳам жиддий аҳамият бердик. Эсингизда бўлса, «Динамо»  яримҳимоячиси Сирожиддин Сайфиев жиддий жароҳат олиб, фаолиятини якунлаган. Сўнг ўша жароҳат туфайли рак бўлди ва вафот этди. Биласизларми, ўша Сайфиевнинг суғуртаси бинт пулига тўғри келган. Яъни, суғурталашга эътибор берилмаган. Клублар жароҳат олган ўйинчисини касалхонага ташлаб кетаверган. Биз ҳозир APEX`дан пул оламиз ва ҳар бир футболчимизни суғурталаймиз. Компания жиддий жароҳат учун футболчига 35 млн сўм беради. 

 

Футболчиларнинг статистикасини назорат қилиб боряпмиз. Мана яқинда «Навбаҳор»  Catapult (футболчиларнинг функсионал ҳолатини масофадан туриб мониторинг қилишга ёрдам имкон берувчи мослама) олди. «Пахтакор»  Арвеладзе пайтидан бери ишлатади. Лекин бизнинг айрим «буюк» мураббийларимиз миллий жамоада ҳам ундан фойдаланмаган. Ақлли мураббийлар бундан фойдаланади. Буни кийган футболчилар мураббийни алдай олмайди. Футболчи қанча югуряпти, пульси нечта уряпти, неча дақиқага чидайди – техника ҳаммасини белгилаб беради».

Фото: ПФЛ 

Анжуманнинг иккинчи қисмида Имомхўжаев журналистларнинг Суперлига формати, ОЧЛинг куз-баҳор тизимиа ўтиши эҳтимоли, жамоалардаги муаммолар борасидаги саволларига жавоб берди.

«Суперлига формати? 12тадан жамоа қатнашадига иккита лигани хоҳлаганмиз. Аммо бунинг учун етарли жамоа бўлиши керак. 12та клубимиз лицензия олгани – 12та яроқли жамоа бор дегани. Лекин спорт принципларига зид бориб 14та клуб билан Суперлига қилдик. Афсуски, футбол фақат унинг ривожини ўйлайдиган кишилардан иборат эмас.

«Мана Суперлигамизнинг аҳволи», – деб ёзишади. Бунга 90 фоиз жамоалар айбдор. Жамоа бор, клуб йўқ. Муаммоли клубларга эътибор берсангиз, 10 йилдан бери ўша-ўша. «Навбаҳор»  3 йилда қанчалик ўсди? Жуда кўп юридик ишларда қатнашди ва сабоқ олди. Клублар профессионаллик даражасини ошириши керак. Биз ҳар бир клубнинг ички ишларига аралаша олмаймиз.

Фото: ПФЛ 

ОЧЛнинг куз-баҳор тизимига ўтиши? Аввало, бу расман эълон қилинмади. Бу катта эҳтимол билан фақат ушбу мавсумга алоқадор. Мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам, бундан фожиа ясамаслик керак. Араб жамоалари 20 йил ўзига ноқулай вақтда ўйнади, лекин «Ал Иттиҳод», «Ас Садд», «Ал Ҳилол» лар чемпион бўлди-ку. Худди аввал чемпион бўлиб юргандек, куз-баҳор тизимидан баҳона қидириш тўғри эмас. Мақсадимиз Осиё жамоаларини ютиш эмас, Элдор Шомуродовдек футболчиларни тарбиялаш бўлиши керак.       

Футбол марказлашаётгани? Буни сунъий тартибга солиш тўғри эмас. Одамлар «Ҳамма вилоятдан жамоа бўлиши керак» , – дейди, лекин принцип-чи? Англияда Лондондан жамоалар кўп, ҳеч ким индамайди.

Масалан, «Сурхон»  Тошкентда яшаб, шу ерда машғулот ўтказади. Ҳатто ўйинларни ҳам шу ерда ўтказмоқчи бўлди. Лекин биз рози бўлмадик. Чунки бу – сурхондарёлик мухлисларга ҳурматсизлик. Жамоанинг ёшлари асосий таркиб машғулотларини кўриши, ўрганиши керак. Талабимиз туфайли жамоанинг ҳозирги раҳбарлари стадионни реконструксия қилишмоқчи».

Аъзамжон Иззатиллаев тайёрлади,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид