Беларус президенти Александр Лукашенконинг СССРнинг аксар давлатлари, жумладан, Ўзбекистон айни пайтда Россия ва Беларусдан иборат Иттифоқ давлати таркибига қўшилиши ҳақидаги фикрлари интернетнинг ўзбек сигментида навбатдаги муҳокамаларни келтириб чиқарди. Kun.uz улардан айримларини жамлади.
«Лукашенконинг фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас, деб ҳисоблашини билдирди.
Сиёсатчи ўзининг ушбу таъкидини қуйидагича далиллайди: «Беларусда ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар Александр Лукашенконинг сиёсатчи сифатидаги рейтинги 25−30 фоиз атрофида эканлигини кўрсатган. Шу билан биргаликда, сўровда иштирок этганларнинг 46 фоизи — «ҳеч қачон Лукашенкога овоз бермаслиги»ни маълум қилган. Бугун кўплаб ривожланган давлатлар Лукашенкони Беларусь халқи номидан гапира олмайдиган шахс деб ҳисоблайди. Шунинг учун, бугунги кунда бу инсоннинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас», дея ёзади у телеграмдаги каналида.
«Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади»

Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Қодиров бу чиқишга муносабатида яқин 15 йилда Ўзбекистон ўз режаларида нималарга эътибор қаратиши лозимлигини ҳам прогноз қилди.
«15 йилдан кейин собиқ совет республикалари Россия атрофида бирлашиб, 350−400 миллион аҳолига эга бирлик қурадилар… деган хулосага келишмоқда видеодаги икковлон. Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади. Ушбу режалар тескари тўлқин яратиши ва совет империясини тикламоқчи бўлаётганлар ҳудудида янги давлатлар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтиради. Бу эса, албатта, минтақада жиддий иқтисодий ва ижтимоий силкинишларга сабаб бўлиши мумкин. Яқин 15 йиллик режаларимизда ушбу эҳтимол кўзда тутилиши керак», — деб ёзиб қолдирган Алишер Қодиров.




















