Кўпчилик, айниқса судга иши тушган кишилар яхши биладики, Фуқаролик кодексининг 26-бобига асосан, судда ишлар “сиртдан иш юритиш тартибида” кўрилиши мумкин. Кўрилади ҳам ва бу тоифа ишлар афсуски фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Чунки ФПКнинг 280-моддасига мувофиқ, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Шу асосда, кўп эътибор, талаб ёки баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “сиртдан иш юритиш тартиби” белгиланган — ФПКнинг 26-боби ва ундаги айрим нормалар ҳамда суд амалиётидан келиб чиқаётган шахсий фикрларим ҳақида тўхталсам...
Суд амалиётига мувофиқ бўлган таҳлилларга таянсак, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорларининг 1 фоизи, балки ундан сал кўпроқдир, лекин тахминан шунча қисмига нисбатан “сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза” берилади.
Бундай аризаларнинг кўриб чиқилиши натижасида, яъни сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш мазмунан жавобгар иштирокида қайта кўриб чиқилганда ҳам катта эҳтимол билан уларнинг 98 фоиз қисмида дастлабки, яъни сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори мазмуни ўзгармай қолади ёки худди сиртдан қабул қилинган қарор мазмунидаги каби янги қарор қабул қилинаётганини кўриш мумкин.
Демак, ФПКда белгиланганидек, агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз, сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга қайтадан суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.
Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўради.
Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ундаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади.
Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд мазкур суд мажлисида ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси, талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун кейинга қолдирилади.
Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш сиртдан иш юритиш тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим.
















