Мустақил, одил судлов деганда ҳали ҳамон кўпчилигимизнинг хаёлимизга суд ишларига кимларнингдир аралашиш-аралашмаслиги ёки қайсидир бир идораларнинг суд ва судьялар фаолиятига таъсир кўрсатиши ё кўрсатмаслиги кабилар келиши шубҳасиз ва ҳам бор гап.

Негаки, биринчидан, Ўзбекистон Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонунига кўра, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас, судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади деб белгилаб қўйилган. Ҳа, тўғри-да, умумий ва қонуний асосларда ҳам аслида шундай.

Иккинчидан эса, ҳеч кимга сир эмаски, қатор йиллар давомида судлар фаолиятига аралашувлар, у ёки бу тарзда одил судловга таъсир этиш ҳолатлари мавжуд эди, яқин тарих бунга гувоҳ ва бу ўз навбатида ҳақиқатдир.

Бугун эса, одил судловга таъсир этиш, судлар фаолиятига аралашиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу борада хавотирга ўрин йўқ.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда 263 та, 2018 йилда 867 та, 2019 йилда 859 та, 2020 йилда 781 та, 2021 йил 9 ойи давомида 743 та шахс оқлангани ёки 100 лаб юртдошларимизга маънавий зарар ундирилиб берилиб, иш жойига қайта тикланганлиги ё судлар томонидан жойларда ҳокимларнинг 2 минг 852 қарори ноқонуний деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, ё бўлмасам биргина ФИБ Учтепа туманлараро суди томонидан аҳолининг бузилган мулк ҳуқуқи учун ўтган йилнинг ўзида 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилгани судларнинг мустақил, холис одил судлов сари прогрессив қадамларини исбот этади.

Шу билан бирга, чуқурроқ таҳлил этсангиз ёки масалага қозон ичидан туриб ёндашадиган бўлсак, мустақил ва барқарор одил судловни таъминлашда, суд фаолиятига аралашув ва судьялар мустақиллигига бевосита таъсир этишдан бошқа яна бир қанча омиллар ҳам мавжуд, ушбу омилларни бартараф этиш учун эса қуйидаги тахминий 7 та масала ҳақида сўз юритишга зарурат бор экан-да деган фикрга келасиз...

1. Судьяга одил судловни таъминлаш учун нима керак?

Тўғри, албатта қонун, қонун бўлганда ҳам камида адолатли ёки ҳеч бўлмаганда мукаммалроқ қонунлар керак. Нега мукаммалроқ деб алоҳида қайд этмоқдаман, чунки дунёда идеал ё мукаммал, ё ўзгармайдиган қонуннинг ўзи мавжуд эмас.