Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси бу сафар 1277 очко билан 85-ўринга пастлаган. Миллий жамоамиз ёзда ЖЧ-2022 3-саралаш босқичига чиқа олмагач, бир поғона пастлаб 83-ўриндан 84-поғонага тушган эди. 2022 йилнинг дастлабки ойида эса яна бир поғона пастлади.
Осиё мамлакатлари орасида Эрон пешқадам (21-ўрин) бўлса, кейинги ўринлардан Япония (23), Жанубий Корея (29), Австралия (37), Қатар (52), Саудия Арабистони (53), БАА (69), Ироқ (74), Хитой (75), Уммон (79) ва Ўзбекистон (85) қитъада 11-ўринда бормоқда. Биздан кейин рейтингда Осиёдан Баҳрайн (89), Иордания (90), Сурия (91) ва Ливан (95) жой олган.
Жаҳон рейтингида ҳали ҳамон Бельгия пешқадам – 1-ўрин. Бразилия ва Франция учликдан жой олган бўлса, Аргентина, Англия, Италия, Испания, Португалия, Дания ва Нидерландия миллий жамоалари ўнликдан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец мураббийлигидаги жамоа январь ойида Япония ва Янги Зеландияга қарши халқаро ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши лозим эди. Бироқ рақиблар коронавирус билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон билан ўйинни бекор қилгач, вакилларимиз Жанубий Суданга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, ғалаба (3:0) қозонган эди. Бироқ бу ғалаба Ўзбекистоннинг рейтингда ўз ўрнини сақлаб қолишига камлик қилди.















