Ўзбекистон | 14:36 / 12.02.2022
11983
2 дақиқада ўқилади

Муборак туман ИИБ бошлиғи терговга тортилгани айтилмоқда. У процессуал тартибда ушланган бўлиши мумкин

ИИВ бошлиғи бундан бир неча кун олдин 50 минг доллар олаётганда қўлга олинган Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарига шерик бўлгани айтилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВлар Қашқадарё вилояти Муборак тумани ИИБ бошлиғи қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. У бундан бир неча кун олдин Муборак ва Миришкор туманларидан ер олиб беришни айтиб, 50 минг доллар олган Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарига шерик бўлганликда гумонланаётган бўлиши мумкин.

Касби тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Муборак тумани ИИБ бошлиғи Миришкор тумани ҳокимининг 50 минг доллар олишида «даллоллик» қилгани айтилмоқда.

«Муборак туман ИИБ бошлиғи қўлга олинган. Эсингиздами, Миришкор тумани ҳокими ўринбосари Миришкор ва Муборак туманларидан 500 гектардан жами 1000 гектар ер сотмоқчи бўлиб, сўралган 80 минг АҚШ долларидан 50 мингини пора сифатида олаётган вақтида қўлга тушган эди. Менга етиб келган маълумотларга кўра, куни кеча ушбу ишда ўртада даллоллик қилган Муборак тумани ИИБ бошлиғи ҳам қамалибди», дейилади ҳокимлик ахборот хизматининг хабарида.

Kun.uz ҳодиса юзасидан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. У Муборак тумани ИИБ бошлиғининг қўлга олинганини тасдиқламади, шунингдек, инкор ҳам этмади. ИИБ бошлиғининг терговда гувоҳ сифатида қатнашаётган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Маълумот учун, 2022 йил 7 феврал куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев фуқаронинг ишончига кириб, унга Миришкор ва Муборак туманларидан 500 гектардан, жами 1000 гектар ер олиб бериш эвазига 80 минг доллар сўраб, ундан 50 000 долларни олаётганда қўлга олинганини маълум қилганди.

Маълумот учун, Қашқадарёда ҳоким ўринбосарларидан бири пора билан қўлга тушгани ҳақида 2022 йил 6 феврал куни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берганди. Kun.uz манбаси унинг Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири эканини маълум қилган эди.

Мавзуга оид