СССР фуқаро авиацияси тарихида энг кўп одам ҳалок бўлган авиаҳалокатлар рўйхатининг энг тепасида 1985 йилда Қизилқум чўлларига қулаб тушган Ту-154Б-2 самолёти туради. Ўшанда 200 киши ҳалок бўлган бу ҳодисада учувчилар хатога йўл қўйган деб расмий хулоса берилади. Аслида эса узоқ муддатли парвозлардан кейин етарлича дам олмаган учувчилар ухлаб қолгани айтилади.

Ту-154Б-2 / Фото: pikabu.ru

1985 йил 10 июл куни Қаршидан Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри орқали Ленинградга учаётган Ту-154Б-2 самолёти самога кўтарилганидан 46 минут ўтиб, Учқудуқ шаҳридан 68 километр узоқликда Қизилқум чўлидаги Кўкпатас овули яқинига қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади.

Ту-154Б-2 (рўйхатга олинган рақами СССР-85311, завод рақами 78А311, серия рақами 0311) самолёти Куйбишев (ҳозирги Самара шаҳри) авиация заводидан 1978 йил 2 январ куни фойдаланиш учун чиқарилган. 1979 йил СССР Фуқаро авиацияси вазирлигига берилган самолётни Тошкент фуқаро авиацияси бошқармасига жўнатишади. Мазкур самолётга Қозон мотор заводида ишлаб чиқарилган учта НК-8-2У двигателлари ўрнатилганди. Самолётда 9 нафар экипаж аъзолари, 4 нафар учувчи ва 5 нафари борт кузатувчиси бўлган.

Ту-154Б-2 / Фото: commons.wikimedia.org

Ҳалокат

Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармасига тегишли Тошкент авиаотрядига қарашли Ту-254Б-2 самолёти SU-5143 борт рақами остида Қарши-Уфа-Ленинград йўналишида доимий парвозларни амалга оширган. Самолёт ҳалокатга учраган куни унинг 180 ўринли бортида 9 нафар экипаж аъзосидан ташқари 191 нафар йўловчи бўлган. Йўловчилардан 52 нафари ёш болалар бўлган. Улардан 12 ёшгача бўлган болалар 25 нафарни, 5 ёшгача бўлганлари эса 27 нафарни ташкил этган. Ўшанда айрим оналар битта ўриндиққа ёш боласи билан жойлашганди.

Ту-154Б-2 самолётининг салон қисми / Фото: mediaspy.ru

Қарши аэропортидан Москва вақти билан соат 19:00 да учиши керак бўлган самолёт соат 23:00 да парвоз қилади. Ўша куни Ту-154Б-2 Тошкентдан белгилнган вақтдан кечикиб соат 18:45 да етиб келади. Учувчиларнинг дам олиши, самолётни парвозга тайёрлаш, унга ёнилғи қуйиш заруратлари туфайли Ту-154Б-2 тўрт соат кечикиб учади. Шунда ҳам учувчилар тузукроқ ҳордиқ чиқаришга улгурмайди.