Бу маскан Самарқанд вилояти Булунғур тумани Бешқўтон маҳалласида жойлашган. “Соҳибкор” дея аталган бу лагер М-39 трассасидан унча узоқ эмас.

Оромгоҳда яқин йилларгача болалар ёзги таътилни ўтказишган, ҳудуд юзлаб дарахтлардан иборат кичик ўрмон бўлган. Google Earth дастури орқали ҳам бир йил аввал объект атрофи қалин дарахтзор бўлганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда ушбу лагер қоғозда бошқа одамга, амалда Булунғур тумани прокурори ёрдамчиси Азизхон Султоновга сотилгани ҳақида ёзишди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳудуд аукционда сотиб олинганидан сўнг бу жойга прокурор ёрдамчиси Азизхон Султонов бир неча марта келган, лагер ўрнида яхши лойиҳалар амалга ошириши ҳақида айтган.

Лагернинг эгаси ким?

Kun.uz мухбири туман ҳокимлигида бўлиб, масканни аукцион савдолари орқали сотиб олган Ситора Султонова билан суҳбатлашди.

Султонова ҳақиқатан ҳам Булунғур тумани прокурори ёрдамчиси Азизхон Султоновнинг синглиси эканини яширмади. Аммо бу жойни акасининг ёрдами билан эмас, АҚШда ишлаб келган укасининг маблағига олганини маълум қилди. У аукционда иштирок этиб, умумий ер майдони 1,45 гектар бўлган лагерни 308 773 000 сўмга сотиб олган.

Мулкдор ҳудудда дарахтларнинг кесилишидан олдин экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясидан рухсат сўраган. Инспекция юридик ёки жисмоний шахсларнинг мол-мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтларни кесишга давлат экология хулосаси тақдим этилмайди, деган жавобни бергач, лагер ҳовлисидаги 198 дона дарахтларни кесиб юборган.