Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг Алишер Навоий кўчасидаги таъмирлаш ишлари интернетда шов-шув бўлгач пойтахт ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Akfa ва Artel компаниялари томонидан қилинаётган ҳомийлик ишлари ҳақида маълумот берди.

«Очиғини айтаман, катта компаниянинг раҳбари бўлганман. Ёшлигимдан сиёсатчи бўлмаганман. Тарихим хоҳлайсизми, йўқми, ишлаб чиқариш, тадбиркорликка тўғридан тўғри боғлиқ. Умрим бўйи сиёсатда ишламаганман, биласизлар. 

Ҳомийлик масаласига келсак, мен мана шу мамлакатнинг фарзандиман. Бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам шу - Тошкентда. 

3,5 йиллик фаолиятим бўйича кўп жойларга олдинги ишлаган компанияларим кўп ёрдам берди, ҳомийлик қилиб келдик. Лекин биласизларни йўқми, риё деган нарса бор, савоб деган нарса бор. Агар бугунги ҳомийликни очиқ-ойдин айтмасанг, савобини у дунёда оласан. Агар айтсанг риё бўлади. У ишни қиляпман, бу одамга ёрдам беряпман деб айтсанг, бу савоб эмас, риё бўлади. Шундайми? Шунинг учун бугунги кунгача айтмадик», деди сўзининг аввалида ҳоким. 

Akfa ва Artel компаниялари ўз мулкларини сотиб, фақат ишлаб чиқаришни қолдиради.

«Лекин бугун кўпчилик суриштирди, тўғри, мен ишлаган компания, сизлар биласизлар – Akfa, Artel кўп нарсалардан воз кечяпти. Яъни фақат ишлаб чиқаришни олиб қолади; магазин, супермаркет, гипермаркет – буларнинг ҳаммасини сотишга қарор қилди. «Экобозор»ни ҳам сотди. Ва сотилган пулларнинг ярмини банкдаги қарзларини тўлашга, ярмини шаҳарга ҳомийлик учун бермоқчи.

Булардан ҳали хабарингиз борми йўқ билмайман: Akfa medline ҳам бу йил 200 нафар юрак хуружи билан хасталанган болаларни текинга операция қилиб беради, ўтган йили 75та операция қилганди, бу йил 200та қилади. Айтмоқчи эмасдим, айтишга мажбур бўлдим. Ўзбекистон бўйлаб энг қийналган 75 нафар болаларни операция қилишди. Ундан ташқари, кўп-кўп қилган ишлари бор. 

Бу йил Akfa ҳам, Artel ҳам ёрдам бериш мақсадида нима ёрдам қилайлик, сиз бизда ишлагансиз деб сўрашяпти. Ўз мулкларини сотяпти, ярмини банкка кредитларидан қутулишга беряпти, ярмини шаҳарга парклар, аллеялар қуришга катта-катта ёрдам беряпти. Операциялар ва камбағалларга уйларининг томини ёпиш, кичик маҳаллалар йўлларини асфалтлаштиришга беряпти», деди ҳоким. 

Бу компаниялар жорий йилда ҳокимликка 80 миллиард сўмлик ёрдам пули кўрсатишни режалаштирган.