Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш учун чорва ва паррандалар тарқатиш тажрибасини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган.

Маълум қилинишича, йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилган ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилган:
- ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси;
- томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси.
Бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Паррандачилик корхонаси аҳолига 50—100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси алоҳида қайд этилган.
Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилган:
- 15 мартга қадар ҳар бир туманда камида 5 тадан маҳаллада Миришкор тажрибасини йўлга қўйиш;
- 1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш;

















