10 феврал куни давлат ОТМларининг магистрантлари ўртасида президент давлат стипендияси учун ўтказилган жорий йилги танлов якунланди. Ижтимоий тармоқларда саралаш жараёни шаффоф ва адолатли ўтмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Номзодлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда танловга топширилган ишлар аниқ мезонлар асосида баҳоланмагани, айрим ҳолларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақида айтишди.

“Апелляция талаб қилганимиз учун босимга учрадик”

Жаъфархон Исахонов, ЎзМУ магистранти, Навоий давлат стипендияси совриндори:

— Тахминан октябр ойларида Президент стипендиясига ҳужжатлар йиғила бошланди. Ноябр ойида қоғоз кўринишида тўпланган ҳамма ҳужжатлар электрон шаклда stipendiya.edu.uz платформасига юкланди ва танловда қатнашиш учун аризалар топширилди.

Орада университет босқичи, 3 босқичли танлов имтиҳонлари бўлиб ўтди, ҳужжатларимиз кўриб чиқилиб, танловнинг республика босқичига юборилди. 7 феврал куни номзодлар учун вазирликда консултация бўлиб ўтди, 8 февралда ДТМ биносида тест топширдик, 10 феврал куни эса вазирлик томонидан тузилган комиссиянинг суҳбатидан ўтдик, шу куни тест натижалари ҳам эълон қилинди.

Аммо танловни ташкиллаштириш, номзодларнинг ишларини баҳолаш жараёнидан кўнглимиз тўлмади. Саралаш жараёни давомида Президент стипендияси учун номзодларнинг йиллар давомида амалга оширган ишлари, чоп этган мақола ва қўлланмалари, эришган ютуқлари ҳамда илмий ишланмаларини аниқ баҳолаш тизими йўқлиги, йўналишлар бўйича баҳолаш мезонлари турличалигига, ким қандай хоҳласа, ўшандай баҳолаётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса танловда қатнашган номзодлар ўртасида эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ҳужжатларни қабул қиладиган платформа эса шошилинчда қилинганини бир қарашдаёқ билиш мумкин. Платформанинг жуда кўп камчиликлари бор. У Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори талабларига жавоб бермайди.

Айнан шу ҳолат бўйича Олий таълим вазирлигига саволларим бор. Нима учун Ўзбекистондаги энг нуфузли танловлардан бирида вазир буйруғи билан ёки бошқача тартибда расман тасдиқланган аниқ баҳолаш мезонлари йўқ?