2006 йил Зарафшон шаҳрида турли миллатга мансуб ёлғиз яшовчи кекса фуқаролар сирли тарзда бирин-кетин ғойиб бўла бошлайди. Ўша даврда аксарият руслар Россияга, фарзандлари ва яқинларининг олдига кўчиб кетаётганлиги учун бу йўқолишлар ҳеч кимнинг эътиборига тушмади. Билганлар ҳам уй-жойини сотиб, кўчиб кетибди, деган ўйда бўлган. Аслида уларни аянчли ажал ўз домига тортиб кетган эди.

Олинмаган нафақа пули

2006 йилнинг 22 июнь куни фуқаро Анна Переплётчикова Зарафшон шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, таниши Цыба Василий бир неча кундан бери дом-дараксиз йўқолганлиги ҳақида хабар қилади. Шаҳар прокуратураси ва шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан дарҳол тезкор қидирув тадбири бошлаб юборилади. Цыба Василийни таниганлар у квартирасини сотиб, Россияга кетганини айтишади. Аммо ҳолат шубҳали эди.

Текшириш давомида Цыба Василий Зарафшон шаҳридан доимий рўйхатдан чиқмаганлиги маълум бўлади. Шунингдек, у кейинги икки ой давомида нафақа пулини ҳам олмаганди. Ишнинг бу нуқтаси ҳам тезкор ходимларда шубҳа уйғотади. Йўқолган фуқаро қотиллик қурбони бўлган, деган эҳтимолда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва тергов ҳаракатларига киришилади.

Фош бўлган “маклер” 

Яқин орада ИИБга ҳеч ким бедарак йўқолганлар ҳақида мурожаат қилмаганлиги туфайли Цыба Василийни излаш ишлари бироз мушкул ва натижасиз давом этарди. У чиндан ҳам дом-дараксиз йўқолганди. Шунинг баробарида, Россияга ҳам кетмаганлиги аниқ эди. Қўшнилари билан суҳбатлашилганида, у спиртли ичимликларга муккасидан кетганлиги, охирги пайтларда уйига нотаниш, шубҳали одамлар келиб-кетиб юрганлиги, айниқса, Мухтор исмли шахс билан яқин бўлганлиги ойдинлашади. Қўшнилардан бири тахминан бир ой олдин Мухтор 2-3 нафар шериги билан келиб, Цыба Василийнинг айрим уй жиҳозларини тракторга ортиб, унинг ўзини ҳам машинага миндириб кетганлигини айтади. Шу тариқа, кейинги вақтларда шаҳарда кимлар уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланаётганлиги кузатув остига олиниб, турли тахминлар ишлаб чиқилади ҳамда қидирув ва тергов ишлари кучайтирилади. Ниҳоят орадан икки кун ўтгач, шаҳарда Мухтор исмли шахс “маклер”лик қилиб юриши аниқланди.

1,5 суткалик тезкор “операция” 

Мухтор Абдуллаевдан Цыба Василий ҳақида сўралганида, у ҳақиқатдан бу фуқарони танишини, Цыба тахминан бир ой олдин доимий яшаш учун Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида истиқомат қилувчи қизининг уйига кўчиб кетганлигини, уни шахсан ўзи кузатиб қўйганлигини билдирган. Аммо Мухтор Абдуллаев тинтув қилинганида, кутилмаганда унинг ёнидан Цыба Василийнинг фуқаролик паспорти топилади. Чорасиз қолган “маклер” Цыба Василийнинг ўлими унинг кўрсатмасига асосан жияни Бахтижан Ашилов ва божаси Талғат Айимбетов томонидан содир этилганлигини маълум қилади.