Ўзбекистон | 17:52 / 17.02.2022
36849
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри ҳокими ўзгарди

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Фазлиддин Умаров Самарқанд шаҳар ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Бобурмирзо Облоқуловнинг ўрнини эгаллади.

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ўз вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинди.

Бобурмирзо Облоқулов

Муқаддам Самарқанд шаҳри прокурори бўлган Облоқулов 2019 йил майида Самарқанд шаҳри ҳокими этиб тайинланганди.

Унинг ўрнига шу вақтгача Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – қўмита ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимида ишлаб келган Фазлиддин Умаров Самарқанд шаҳрининг янги ҳокими этиб тасдиқланди.

Фазлиддин Умаров

Фазлиддин Умаров 1978 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 2001 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2006 йилдан 2015 йилгача Давлат солиқ қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. 2017-19 йилларда Ҳисоб палатаси бош инспектори бўлган.

2019-21 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари бўлган, 2021 йил 16 январдан ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари – Кадастр агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётганди. 

Олдинроқ Самарқанд вилояти прокурори ва ИИБ бошлиғи ҳам ўзгарганди.

Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи Шавкат Раҳмонов Наманган вилоятида шу лавозимга ўтказилган, унинг ўрнини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов эгаллаганди.

Шунингдек, Самарқанд вилояти прокурори Равшан Машарипов ишдан олиниб, унинг ўрнига Наманган вилояти прокурори Жаҳонгир Ҳотамов олиб келинганди.

Мавзуга оид