1-сценарий: Қиз мактабни ёки лицей/коллежни тугатиб ўқишга кира олмади. Яна қайта уринди, кира олмади, иш топади ёки уйда ўтиради. Ё бирор ҳунар ўрганиши мумкин. Тезроқ унга куёв топиб, узатиб юборишлари мумкин. “Ўқимаса, олиб ўтириб нима қиламиз”.

2-сценарий: Қиз ўқишга кирди. Яхши баҳолар билан ўқияпти. Грант бўлса, 1–2-курсда ўқиётганидаёқ, контрактда ўқиса, тахминан 3-курсда ўқиётганида совчилари кўпаяди. Кўплаб ҳолатларда қиз бакалавриат ё магистратурадаги ўқишини тугатмасдан турмушга чиқиб кетади. “Ўзимиз ўқитиб оламиз, ўқишига бемалол бораверади”, дейди куёв томон.

Лекин турмушга чиққандан кейин қизлар вақтларини иккига: ўқиш ва оилага тақсимлашларига тўғри келади. Агар фарзандли бўлса, унда учга.

Ҳар учта қиздан биттаси 20 ёшга тўлмай турмушга чиқмоқда

Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, 2021 йилда 305 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган. Шундан 93,2 мингта ҳолатда келинлар ҳали 20 ёшга тўлмаган бўлган, 186,7 нафар келин эса оила қуриш пайтида 20–30 ёш оралиғида бўлган.

Агар қиз бола мактабга 7 ёшда борса ва 18 ёшда 11 йиллик таълимни тугатиб, ўз вақтида ОТМга кирса, бакалавриатни 22 ёшида, магистратурани эса 24 ёшида тугатади. Ўртада танаффуслар ҳам бўлиши эҳтимолини ҳисобга олсак, хотин-қизлар 25–26 ёшигача ҳам таълим олиши мумкин.

Рақамлардан кичик хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда аксар қизлар таълим олиш ёшида турмушга чиқади. Балки шунинг учун ҳам улар кўпроқ нисбатан осон йўналишларда таълим олишни маъқул кўришади: ОТМларда таҳсил олаётган 260 минг талаба қизларнинг қарийб ярми – 126,3 минг нафари педагогика йўналишида таҳсил олади. Солиштириш учун: табиий фанлар йўналишларида 14,1 минг нафар, математика фанларида эса 5,4 минг нафар қизлар ўқийди.

Турмушга чиқиб ўқиётган қизлар муаммолари ҳақида Facebook ижтимоий тармоғидаги хотин-қизлар гуруҳларидаги фикрларни ўрганиб кўрдим. Ўзи ёки яқин қариндоши бўлган қизларнинг турмушга чиқиб ўқишини давом эттиргани ҳақида тахминан 80 киши фикр билдирди. Асосий жавоблар – турмуш қургандан сўнг таълим олиш сифати тушиб кетгани ҳақида бўлди. Аксар респондентлар яхши ўқишгани ҳақида фақатгина ОТМдаги дарсларига вақтида бориб келганини айтиш билан чегараланди, бироқ таълим олиш сифати пасайганини билдирган. Мўъжаз тадқиқот респондентилар кузатишлари ва жавобларига кўра, янги хонадонда келиннинг етарли даражада таълим олишини қўллаб-қувватловчилар ҳам бор, лекин улар камчилик.

Турмушга чиққач, ёш она бўлган талабаларнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўриш мумкин. Агар боласига қараб турадиган яқинлари бўлса, 2-3 пара дарсларга бориб келиши мумкин, агар бўлмаса-чи? Боласи эмизикли бўлса-чи? Хуллас, ўқиш, оила ва фарзанди ўртасида мувозанатни сақлаб, сифатли ўқий олиш – талаба бўлган ёш оналар учун жуда катта вазифа.