Ўзбекистон | 12:56 / 21.02.2022
32825
6 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ҳокимининг журналистларга қарши “тан қўриқчиси” борми?

Мурожаатлар ортидан Андижон шаҳрига борган ёки шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровдан изоҳ олмоқчи бўлган журналист эҳтиёт бўлгани маъқул. Сабаби, суриштирув ўтказаётган журналист ёки блогер ҳокимнинг қўштирноқ ичидаги ёлланган “тан қўриқчи”си ҳужумига учраши мумкин.

Тушунишимизча, ҳоким Баҳромжон Ҳайдаров мазкур “қуроли”ни “дўппи тор келган пайт”да қўллайди.

Унинг аёл қўриқчиси сизни бепарда сўзлар билан ҳақоратлаб, тўполон кўтариб шарманда қилишга уриниши, суратга олиш ишларига халақит бериши, ўзингизга ва ускуналарингизга зарар етказиши мумкин. Куни кеча Андижон шаҳар ҳокимидан изоҳ олмоқчи бўлган “Водий 24” нашри журналистлари ана шундай “ҳужум”га учрашди ва уларни ҳоким қабулхонасидан қувиб чиқармоқчи бўлишди.

Қизиғи, Kun.uz ижодий жамоаси ҳам тўрт ой олдин шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорига кўра қурилаётган иншоот юзасидан суриштирув ўтказаётиб ана шундай аёл қаршилигига учраганди. Бу ҳақда кейинроқ. Келинг, кечаги воқеага тўхталсак.

Шаҳар ҳокимининг “спецназ” гуруҳи нима учун керак?

YouTube тармоғидаги Шуҳрат Эсонов каналидаги видеолавҳаларга кўра, Андижон шаҳар ҳокими қабулхонасида қизиқ ҳолат юз берган.

Видеотасвирларда мурожаат ортидан Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровдан интервью олиш учун келган “Водий 24” нашри журналисти Шуҳрат Эсонов қабулхонада навбат кутиб ўтирганида бир аёл (Донохон Режапова) келиб, тасвирга олиш гуруҳига босим ўтказа бошлайди. Аёл уларга “Ҳоким олдига кирмайсанлар!” дея бақириб, бепарда сўзлар билан ҳақоратлайди.

Аёл блогерларни туртиб ташқарига чиқаради ва уларнинг фотоускуналарини ташқарига улоқтириб зарар етказади. Аёлга: “Опа, журналистик суриштирувимизга қаршилик қиляпсиз. Ҳозир ИИБни чақирамиз”, деб айтишганида аёл унга ИИБ ҳам ҳеч нарса қила олмаслигини айтиб, яна ножўя сўзлар билан сўкина бошлайди ва журналистларни қабулхонадан туртиб қувиб чиқаради.

Етиб келган ҳудуд профилактика нозири ҳам тўполонга аралашмайди ва журналистларга: “Сизларни ким пул тўлаб ёллади?! Баҳодирми? Ўша қани?” дея мурожаат қилади. Тасвир сўнгида икки аёл ҳақоратли сўзлар билан тасвирга олиш гуруҳи аъзоларидан бирини бўғиб, дўппослашга уринаётганини кўриш мумкин.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг муносабати

“Журналистлар қабулхонада шаҳар ҳокимини кутиб ўтирган вақтда бинога ҳоким қабулига кириш учун келган мурожаатчи аёл телефон орқали суратга олинаётганига кўзи тушган. Шунда аёл уларнинг журналист эканини пайқаган ва эҳтиросга берилиб жанжал кўтарган. Бунга сабаб қилиб аёл ҳаётида блогер билан боғлиқ нохуш ҳолат бўлганини таъкидламоқда. Буни видеолавҳа давомида кўришингиз мумкин”, дейилади унда. Шу сўзларни ёзган котибни ўзи ҳам муносабатга ишонмаган бўлса керак.

Савол туғилади: Аслида аёл ёлланганмиди?

Бу каби ҳолат Kun.uz журналисти билан ҳам содир бўлган

Шу жойда бундан тўрт ой олдин Kun.uz ижодий гуруҳи билан рўй берган воқеага тўхталамиз. Биз Андижон шаҳар Машраб кўчаси 44-кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатига кўра, ҳудудда тадбиркорга ер майдони ноқонуний берилганини ўрганаётганимизда айнан ўша, ўзини Донохон Режапова дея таништирган аёл бизга ҳам қаршилик қилишга уринганди.

Аёл қўлимиздаги микрофонни тортиб олишга уриниб, шаҳар ҳокимининг қарори тўғри эканини, “каттаконлар” қарори доим ҳақ эканини бақириб-чақириб бизга тушунтирмоқчи бўлган. 44-уйда яшовчилар унинг фикрига қарши чиқишганида уларни ҳам бақириб қўрқитишга уринганди. Биз журналистик нуқтайи назардан мақолада унинг ҳам фикрини берганмиз.

У ҳокимнинг ҳимоясига ҳозир-у нозир

Андижон шаҳри Ўрикзор маҳалласи 40-уйда яшовчи аҳоли вакиллари аёл ҳоким Баҳромжон Ҳайдаров чиқарган ҳар қандай қарорни ҳимоя қилиш учун муаммо туғилган жойда доим пайдо бўлишини айтишди. Донохон Режапова ўтган йили Ўрикзор маҳалла, кўп қаватли уйлар олдидаги “Яшил ҳудуд” ўрнига ноқонуний равишда савдо дўкони қурилаётган пайтда ҳам тўполон қилиб, шаҳар ҳокимлиги қарорини бор кучи билан ҳимоя қилганини видеолавҳаларда кўрдик.

Донохон Режапова шаҳар ҳокимининг қарорига қарши чиққан аҳоли вакилларини сўкиб, масхара қилиб дўконлар қурилиши тепасида ўзи туришини айтади.

Якун

Менимча, тўполончи аёлнинг шаҳар ҳокимлигига тасодифан келиб қолмагани бўйича бошқа изоҳ беришнинг ҳожати қолмади ҳисоб.

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш ўрнига уларга қарши курашда номардларча жирканч усулдан фойдаланаётгани таажжубга солади.

Шаҳарда қонунсизлик шу даражага етганки, ИИБ ходимлари кўр-кўрона ҳокимлик тарафини олиб, қонунсизликни ўзлари кўрмагандай тутишмоқда. Буни журналистларга қилинган босим пайтидаги ҳудуд профилактика инспекторининг ҳаракатларида кўрдик.

Андижонда бундай ҳолат давом этмаслиги керак! Биз эса Андижон вилоят ва шаҳар прокуратурасидан “қўриқчиларни” ёллаган ҳоким ва журналистларни ҳақорат қилган қонунбузар аёллар бўйича аниқ ҳаракатлар кутиб қоламиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид