Ўзбекистон | 11:09 / 21.02.2022
84784
3 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими қандай ишлашини маълум қилди

Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзА’га маълум қилди. 

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчилик такомиллаштирилади. Транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, ўзбошимчалик билан ҳаракат қатнашчиларини тўхташга мажбур қилиш орқали хавфни юзага келтирганлик (“йўл безорилиги”) учун жавобгарлик белгиланади. 

“Ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.

Сир эмаски, кейинги пайтларда йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, ҳатто қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кузатилаётган эди. 

Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиши борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади”, деди у.

Қайд этилишича, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. 

“Агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади”, дейди Пўлат Бобожонов.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилиши маълум қилинди. Унда, жумладан, Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади.

“Автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш фаолияти рақамлаштирилади. Замонавий ўқув хоналари, назарий ва амалий ўқув инвентарлари ҳамда тўлақонли ўқув-машқ базасига эга бўлган автомактаб ва имтиҳон марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Вилоят марказларидаги, кейинчалик бошқа шаҳар (туман) марказларидаги серқатнов чорраҳалар рақамли бошқарувга ўтказилади.

Соҳа ходимларининг фаолиятига сунъий интеллектга асосланган «инсон омили» таъсирини чекловчи рақамли технологияларнинг жорий этилиши ходимлар томонидан фуқаролар билан манфаатли мулоқотга киришиш ҳолатларига барҳам беради”, дейилади маълумотда. 

Аввалроқ, Ўзбекистонда қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилиши хабар берилганди

Мавзуга оид