Kun.uz’га Жомбой туманида фаолият юритган тадбиркор суд қарори бўлишига қарамай, солиқчилар ортиқча ундирган 1,5 миллиард сўм пулини ололмаётгани ҳақида гапириб берди. Тадбиркор Азизхон Нуриддинов тақдим этган ҳужжатларга кўра, солиқчилар уни 3 йилдан бери қийнаб келади.
Тадбиркор охирги 1 ой ичида икки марта Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабулида бўлган. Энг сўнгги қабулда вилоят ҳокими масалани ўрганиб чиқиб, тегишли хулоса қилишни вилоят адлия бошқармаси бошлиғига топширади. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Турдимов қабулидаги солиқ идораси вакиллари ва мурожаатчиларга қарата “Адлия қандай хулоса қилса – ўша бўлади” дейди. Орадан кўп ўтмай, Адлия бошқармаси ўзи хулосасини вилоят ҳокимига тақдим этади.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчисининг А.Юлдашев, А.Нуритдинов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган 17/18-31-сонли жиноят иши бўйича 2018 йил 14 июндаги қарори билан “Нехт Фарм” ва “Нф Нехт Фарм Бусинесс” МЧЖлар фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланган.
Ўтказилган ҳужжатли тафтиш натижасида, “Нехт Фарм” МЧЖга нисбатан
8 млрд 283 млн сўм, “Нф Нехт Фарм Бусинесс” МЧЖга нисбатан 778,5 млн сўм, жами 9 млрд 62 млн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобланган.
Текшириш натижаси юзасидан Жомбой туман давлат солиқ инспекциясининг 2018 йил 12 сентябрдаги даъво аризаларига асосан Жомбой туман иқтисодий судининг 2018 йил 10 октябрдаги ҳал қилув қарори билан “Нехт Фарм” МЧЖга нисбатан 19 648,4 млн сўм миқдорда молиявий жарима қўлланилган.
Жомбой туман давлат солиқ инспекцияси томонидан “Нехт Фарм” МЧЖни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш ҳақида даъво ариза киритилган. Жомбой туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 23 июндаги тугатишга доир иш юритиш таомилини тамомлаш тўғрисидаги ажримига асосан “Нехт Фарм” МЧЖни тугатишга доир иш юритиш таомили тамомланиб, мазкур жамият давлат реестридан чиқарилган.
“Нехт Фарм” МЧЖ банкрот деб топилганлиги сабабли Жомбой туман давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 26 июндаги 12-сонли қарори билан жамиятнинг 25 млрд 288 млн сўм солиқ қарзи ва молиявий жарима ҳисобдан чиқарилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг 2018 йил 25 декабрдаги ҳукми билан А.Нуритдинов Жиноят кодексининг 28,179-моддаси, 28,184-моддаси учинчи қисми, 28,189-моддаси биринчи қисми, 28,190-моддаси иккинчи қисмининг “а”, “б”, “в” бандлари, 228-моддаси иккинчи қисмининг “а”, “б” бандлари билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланган.
















