Ўзбекистон | 07:41 / 24.02.2022
6151
3 дақиқада ўқилади

Россия банки «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз улушини 4 млн долларга сотиб олди

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетини “Совкомбанк” ОАЖ (Россия) билан 4 млн АҚШ долларига сотиш юзасидан келишувга эришилганини маълум қилди.

Фото: davaktiv

Қайд этилишича, “Ўзагроэкспортбанк” АТБ фаолияти таҳлили (due diligence) натижалари ва хусусийлаштириш бўйича консультант тавсиясига кўра, тижорат банки 100 фоиз давлат акция пакетини яхлит ҳолда, рақобатга асосланган оммавий ошкора сотув жараёни орқали амалга оширди. Сотиш жараёнига хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида “Grant Thornton” ва баҳолаш учун “KPMG” халқаро компаниялари жалб этилган.

“Ўзагроэкспортбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат акция пакетини сотиб олиш бўйича жами 4 та талабгордан қизиқиш билдирилган ва улардан таклифлар келиб тушган.

“Келиб тушган таклифлар орасида “Совкомбанк” ОАЖ номзоди бевосита банк фаолияти билан шуғулланиши, мамлакатимизга хорижий инвестиция билан биргаликда чет эл банки тажрибаси, замонавий молиявий маҳсулотлар ва хизматларни жорий қилиш каби талабларга жавоб беради.

“Совкомбанк” томонидан келиб тушган таклиф банк соҳасига оид қонун ва қоидалар талаблари, хусусийлаштириш бўйича консультант тавсияларига мувофиқлиги, шунингдек, “Совкомбанк” ОАЖнинг “Ўзагроэкспортбанк” АТБни ривожлантириш режалари инобатга олиниб, “Совкомбанк” ОАЖ оммавий танлов ғолиби деб тан олинди ва шу муносабат билан битим юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда мазкур банк ўртасида ҳуқуқий мажбуриятларга эга ҳужжатлар имзоланди”, дейилади Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида.

Маълумот учун, 2021 йил 30 сентябр ҳолатига “Совкомбанк” активлари 1,9 трлн рублни, капитали 224 млрд рублни ташкил этган. Россиянинг 1000 та аҳоли пунктида жойлашган 2,3 мингдан ортиқ банк офисларида 23 минг ходим меҳнат қилади. 

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ 2017 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2021 йил якунларига кўра, “Ўзагроэкспортбанк” активлари 69 млрд сўмдан кўпроқни ташкил этган.

Мавзуга оид