15:05 / 03.01.2023
15010

«Ўзагроэкспортбанк»даги давлат улуши 5 млн долларга сотилди

«Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети «Support Level» МЧЖга ҳеч қандай тендерсиз 5 млн долларга сотилди.

Фото: Яндекс хариталар

«Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети хусусийлаштирилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, «Support Level» хорижий корхонаси «Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини 5 млн долларга сотиб олиш тўловини бирйўла тўлаб бериш, банк устав капиталини қўшимча 29 млрд сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн доллар инвестиция киритиш бўйича таклиф билан чиққан. Ушбу таклиф Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маъқулланган.

«Ўзагроэкспортбанк АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштиришга аввал жалб этилган «Grant Thornton» халқаро консалтинг компанияси томонидан «Ўзагроэкспортбанк»нинг 2019 йил декабрь ойидан буён «кредит операциялари» тўхтатилгани сабаб кредит портфели 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 6,1 млрд сўмни ташкил этиб, бунда муаммоли кредитлар улуши ўта юқорилиги, банкнинг айни даврдаги ҳолатига умумий зарари 31 млрд сўмни ташкил этгани натижасида жами соф активлари қиймати 50 млрд сўмлиги қайд этилган», - дейилади Давактив изоҳида.

Шунингдек, «Ўзагроэкспортбанк» Ўзбекистон Марказий банки томонидан банк назоратига оид иқтисодий нормативлар бажарилмагани, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарли миқдорда захиралар шакллантирилмагани, кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилинмагани, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тижорат банклари устав капитали миқдорига қўйилган талаблар бажарилмагани (устав капитали 29 млрд сўмга кам шакллантирилган) юзасидан огоҳлантирилган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 23 феврал куни тузилган битим бўйича Россиянинг «Совкомбанк»и «Ўзагроэкспортбанк»даги 100 фоиз давлат улушини 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Украинага бошланган босқин фонида АҚШ ҳукумати февраль ойи охирида «Совкомбанк»ка нисбатан санкциялар киритди. Кейинчалик бир қатор бошқа давлатлар томонидан ҳам худди шу каби қарорлар қабул қилинди.

Шундан кейин «Совкомбанк» Давлат активларини бошқариш агентлиги билан тузилган битимни бир томонлама бекор қилди ва «Ўзагроэкспортбанк»ни хусусийлаштириш жараёни тўхтаб қолганди.

«Ўзагроэкспортбанк» кимга сотилди?

«Support Level» МЧЖ 2015 йил 27 августда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – ходимлар билан ишлаш. Компаниянинг 100 фоиз улуши Шодиев Олимжон Қосимовичга тегишли, раҳбари — Искандар Усмонов.

Олимжон Шодиев – Навоий кон-металлургия комбинати Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси, кенгаш раиси Жамшид Қўчқоровнинг ўринбосари ҳисобланади.

Шунингдек, у Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар молия бозорларида фаолият юритувчи «ИФГ Контитент» инвестиция компаниялари гуруҳи аффилланган шахслари қаторига киритилган.

«Евросиё банки» облигациялар эмиссияси проспектида Олимжон Шодиев Izarus Investment B.V. раҳбари сифатида аффилланган шахс этиб белгиланган. Ҳужжатда миллиардер Фаттоҳ Шодиев оиласининг бошқа аъзолари, жумладан, унинг укаси Қосим Шодиев ҳам кўрсатилган.

Аввалроқ, Халқаро Шодиев жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Ўзагроэкспортбанк»нинг сотиб олинишига Фаттоҳ Шодиевнинг дахли йўқлиги маълум қилинганди.

Top