Жорий йилнинг 23 феврал куни тузилган битим бўйича, Россиянинг “Совкомбанк”и “Ўзагроэкспортбанк”даги 100 фоиз давлат улушини 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Украинага бошланган босқин фонида АҚШ ҳукумати февраль ойи охирида “Совкомбанк”га нисбатан санкциялар киритди. Кейинчалик бир қатор бошқа давлатлар томонидан ҳам худди шу каби қарорлар қабул қилинди.

Шундан кейин “Совкомбанк” Давлат активларини бошқариш агентлиги билан тузилган битимни бир томонлама бекор қилди ва “Ўзагроэкспортбанк”ни хусусийлаштириш жараёни тўхтаб қолди.

Молиячи Отабек Бакиров “Ўзагроэкспортбанк” ташқи олигархия билан аффилланган компаниялардан бирига ҳукуматнинг ёпиқ қарори билан сотилаётгани ҳақида ёзди.

“Компания номи, у билан аффилланган шахслар, битим шартлари ва суммаси бизга маълум. Фақат нима учун ҳукумат сотувга қўйилган давлат банкларидан бирини шаффоф бўлмаган воситалар ва механизмлар орқали, яна ёпиқ қарор билан реализация қилаётгани тушунарсиз.

Ёпиқлик, ҳатто тижорий битимлардаги махфийлик ўзбек ҳукуматининг ташриф қоғозига айланиб бўлди. Шаффофликни, очиқ рақобатни, хусусийлаштиришда умумқабул қилинган стандарт ва қоидаларни тўғри деб билганлар ўзларига бошқа макон ва балки бошқа замонни танлаганлари маъқул”, дея таъкидлади Бакиров.

Gazeta.uz'нинг хабар беришича, “Ўзагроэкспортбанк”даги давлат улушини инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан Support Level компаниясига ўтказиш режалаштирилган бўлиши мумкин.

“Эҳтимол, бундай мажбуриятлар лицензия талабларига мувофиқ капитални минимал даражага (100 млрд сўм) етказиш билан боғлиқ бўлади”, дейилади Gazeta.uz хабарида.

“Support Level” МЧЖ 2015 йил 27 августда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – ходимлар билан ишлаш. Компаниянинг 100 фоиз улуши Шодиев Олимжон Қосимовичга тегишли, раҳбари — Искандар Усмонов.