Фарзандсизликка “ечим”

Эри билан турмуш қурганига 4 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон фарзандли бўлолмаётган Сайёранинг дили хира. Кўча-кўйда, қариндошлар орасида гўдагини етаклаб юрган келинларни кўрганида ҳар сафар Сайёранинг яраси янгиланади. “Мен ҳам вақтида фарзанд кўрганимда болам шулар қатори ўйнаб юрган бўларди”, деб хаёлидан ўтказади. Уйга келиб қилган йиғи-сиғиси ортидан эридан гап эшитади.

2009 йилнинг августидаги шундай кунларнинг бирида Сайёранинг ҳамкасби Моҳира унга бир таклиф айтиб қолди.

“Гапдан гап чиқиб, маҳалладошимиз Ҳабиба исмли аёлга сенинг фарзандсизлигинг ҳақида айтгандим. Шунда у муаммони ҳал қила олишини, сенга чақалоқ топиб бериши мумкинлигини билдирди”, - деди Моҳира.

Бошида таклифни жиддий қабул қилмаган Сайёра кейинроқ кун-у тун бола асраб олиш ҳақида ўйлай бошлади. Охири Ҳабиба билан гаплашиб кўришга қарор қилди.

Сайёра Ҳабиба билан аввал телефонда, сўнг шахсан учрашиб билдики, у кимнингдир мушкулини осон қилмоқчи бўлган меҳрибон аёл эмас, пул учун гўдакларни сотишдан тап тортмайдиган “тадбиркор” экан.

Аёлнинг “Ўғил десангиз, ўғил, қиз десангиз, қиз. Исталган хилидан қилиб берамиз”, дея хохолаб кулгани Сайёранинг қулоғи остида жаранглаб юрди. Танлаш учун қаторлаштириб қўйилган турфа хил чақалоқларни тасаввур қилган Сайёра даҳшатга тушиб кетди.

“Савдогарлар” қўлга олинди

“Йўқ, буни шундайлигича қолдириб бўлмайди”, - деди бу ерда бир қинғирлик борлигини сезган Сайёра.

Шу тариқа, у бу ҳақда МХХга хабар берди. Терговчи у билан тадбир ўтказишга келишиб олди.

Чақалоқ хариди масаласида ҳали аниқ бир қарорга келмаган Сайёра Ҳабибага телефон қилиб, сотиб олиш фикрига келганини маълум қилди.

Келишувга мувофиқ, томонлар 2009 йил 29 август куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-4 даҳасига етиб борди. Ёнида яна икки нафар шериги билан ҳозир бўлган Ҳабиба Сайёрага ўзларига тегишли бўлган, аслида бошқа бировнинг фарзанди бўлган 4,5 ойлик гўдакни топширди. “Товар” эвазига келишилган 3 минг АҚШ долларини санаб олган Ҳабиба учрашувни якунлаб, уйга қайтишга чоғланиб турган паллада махсус тадбир доирасида шериклари билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан Ҳабиба Жўраева ва бошқаларга нисбатан ЖК 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди.