1991 йил августда СССР парчаланиб кетади. Иттифоқдош республикалар бирин-кетин мустақиллик эълон қила бошлайди. Ўша йили 8 декабр куни Беларусдаги Беловеж ўрмонидаги қароргоҳда Россия президенти Борис Елцин, Украина президенти Леонид Кравчук ва Беларус раҳбари Станислав Шушкевич томонидан иттифоқни тарқатиб юбориш ҳақидаги келишув имзоланади. Шу тариқа тарих саҳнида 69 йил ҳукм сурган давлат йўқликка юз тутади.

Гарчи Россия СССР парчаланиб кетганини хотиржам қабул қилган бўлса ҳам собиқ иттифоқдош республикалар билан ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар бор эди. Улардан бири собиқ иттифоқнинг ташқи қарзи, яна бири айрим иттифоқдош республикалар ҳудудида қолаётган ядро қуролларининг келгуси тақдири масаласи эди.

Ўшанда Россия раҳбари Борис Елцин СССРнинг ташқи қарзи барча собиқ республикалар гарданига тушиши кераклигини айтиб чиқади. Аммо мустақил бўлган республикалар раҳбарлари бу шартни қабул қилишмайди. Ўшанда бошқа республикалар қатори Ўзбекистон ҳам СССРнинг меросхўри Россия экани, унинг асосий бойликлари Россия ҳудудида қолаётгани, шу сабабли ташқи қарзнинг барчаси Россия зиммасига тушиши лозимлигини билдиради.

Иккинчи масала бироз чигал эди. Собиқ иттифоқнинг ядро қуроллари асосан тўртта республика: Россия, Украина, Қозоғистон ва Беларусда жойлашган эди. Россия уларнинг ҳар биридан ядро қуролларни қайтаришини сўрайди. Аммо бу иш осон эмас: собиқ республикаларнинг розилигидан ташқари, 100 миллион долларлаб харажатни талаб қиларди.

1992 йилда Португалия пойтахти Лиссабонда АҚШ, Россия, Украина, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари иштирокида ядро қуроллари масаласи муҳокама қилинади. АҚШ томони мустақил бўлган республикалар ўзларидаги ядро қуролларини Россияга топшириши ёки йўқ қилиши лозимлигини айтиб, бунда харажатлар учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдиради. Томонлар ўртасида дастлабки келишув имзоланади. Аммо бу келишувнинг амалга ошиши учун АҚШ ва Россия ҳар уч республикага салмоқли миқдорда пул тўлаб бериши лозим эди.

Унгача 1991 йил 29 август куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Семипалатинскдаги ядро қуролларини синовдан ўтказадиган полигонни ёпиш ҳақида фармонни имзолайди. Шундан сўнг бу давлатдан ядро қуролларини олиб чиқиш бошланади. Харажатларни Россия ва АҚШ тўлаб беради.