Ўзбекистон | 10:55 / 03.03.2022
6818
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «нефтобаза» оператори терговчига 1300 доллар пора бераётганда ушланди

МЧЖ оператори ўз қилмишларини яшириш ва ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатмаслиги учун терговчига 2 минг доллар таклиф қилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти ИИБнинг хабар беришича, нефт маҳсулотларини сақлашга мослашган МЧЖ раҳбариятининг анча миқдорда нефт маҳсулоти йўқолгани ҳақидаги билдириш хатига асосан, Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Текширув ҳаракатлари давомида МЧЖ оператори Ш.У. билан олиб борилган суриштирувлар жараёнида у қилмишини яшириш мақсадида ишни ўз фойдасига ҳал этиш ва жиноят иши қўзғатмаслик эвазига ИИБ терговчисига 2 минг доллар миқдорида пора таклиф қилган.

Терговчи МЧЖ операторига пора бериш ва олиш жиноят экани ва жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги тушунтиришларига қарамасдан, Ш.У. пора таклиф қилишни канда қилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан майор Т.Ражабов пора таклиф қилаётган шахсга қонуний чора кўришни сўраб, вилоят ИИБ раҳбарияти номига билдирги берган.

2022 йил 1 март куни ҳолат юзасидан ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Ш.У. Қарши шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ катта терговчиси Т.Ражабовга 1,3 минг доллар берган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Ш.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид